logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Миллий крипто-бозор институционал тизими кенгаймоқда

03.01.2024
2595

Ўзбекистон криптоиндустрияси ривожининг янги босқичи 2022 йилда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» ги УП-121-сон Қарорига мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солишга жиддий ўзгартиришлар киритиш билан бошланди.

Ушбу ҳужжат, хусусан, крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон каби хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг турларини белгилаб берди.

Миллий крипто-бозор институционал тизими йил сайин тобора кенгайиб бормоқда. Агар 2022 йил бошига келиб Ўзбекистонда фақат битта крипто-биржа фаолият кўрсатган бўлса, 2022 йил охирида яна тўртта крипто-дўкон фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлди.

2023 йилда крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолиятини амалга ошириш учун тўққизта лицензия берилди: битта крипто-биржа, иккита крипто-депозитарий ва олтита крипто-дўкон.

Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар сони ўн тўрттага етди: иккита крипто-биржа, иккита крипто-депозитарий ва ўнта крипто-дўкон.

Айни пайтда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида крипто-активларнинг барча афзалликларидан фойдаланиш мақсадида крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқий тартибга солишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.