Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Тошкент шаҳрида “Евроосиё InsurTech: суғурта соҳасини ўзгартираётган технологиялар” мавзусида INSUR Asia 2026 халқаро суғурта форуми бўлиб ўтди. Форум суғурта бозорини ривожлантиришнинг долзарб тенденциялари ва замонавий рақамли ечимларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида тартибга солувчи органлар, суғурта ташкилотлари, молия институтлари ҳамда технологик компаниялар вакилларини бирлаштирди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари иштирок этдилар.
“InsurTech Eurasia 2030: янги суғурта бозорининг рақамли инфратузилмаси” номли стратегик сессия доирасида Агентликнинг Суғурта бозорини ривожлантириш ва рақамлаштириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон суғурта бозорини рақамлаштириш, тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан маъруза қилди.

Ўз чиқишида Агентлик вакили Ўзбекистон суғурта бозорини янада ривожлантириш ва унинг 2030 йилгача бўлган стратегик истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, суғурта инфратузилмасини такомиллаштириш, суғурта хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда суғурта ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Суғурта соҳасида сунъий интеллект технологияларини қўллаш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бизнес жараёнларини автоматлаштириш, суғурта таваккалчиликларини баҳолашни такомиллаштириш, суғурта ҳодисаларини тартибга солиш жараёнларини тезлаштириш ҳамда суғурталанувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ягона ахборот тизимларини ривожлантириш ва суғурта бозори иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Форум доирасида иштирокчилар, шунингдек, интеграциялашган суғурта (embedded insurance), рақамли сотув каналлари, суғурта воситачилигининг янги моделларини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари суғурта бозорларини технологик интеграция қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Тадбир халқаро тажриба алмашиш ва суғурта соҳасини рақамли трансформация қилишнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
