Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими доирасида хорижий қимматли қоғозларнинг муомаласи тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3971, 2026-йил 11-ноябрь, бундан буён – Низом) тасдиқланди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 18-декабрдаги “Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–254-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва халқаро молия бозорларига кириш имконини оширишга қаратилган.
Низомда хорижий қимматли қоғозлар ва молиявий воситалар муомаласига оид қуйидаги асосий механизмлар ва талаблар назарда тутилган:
Биринчиси Ўзбекистондаги фонд биржасининг махсус майдончаси ва инвестиция воситачиларининг электрон платформалари орқали муомалани ташкил этишни назарда тутади.
Иккинчиси маҳаллий инвестиция воситачиларининг электрон платформалари орқали мижозларга хорижий савдо майдончаларида савдо қилиш имкониятини тақдим этишни назарда тутади.
Хорижий қимматли қоғозлар ва молиявий воситалар билан операциялар билим, тажриба ва молиявий имкониятларга оид белгиланган талабларга жавоб берадиган малакали инвесторлар учун очиқ бўлади.
Мазкур ёндашув хорижий қимматли қоғозлар ва молиявий воситаларга маблағ киритиш билан боғлиқ таваккалчиликларни ҳисобга олган ҳолда инвестиция қарорларининг онгли равишда қабул қилинишини таъминлашга қаратилган.
Молиявий воситалар муомаласи ички майдончаларда ташкил этилганда Марказий депозитарий хорижий ҳисобга олувчи ташкилотлардаги ўз ҳисобварақларида тегишли хорижий қимматли қоғозлар мавжуд бўлган тақдирда уларни ҳисобга олишни таъминлайди.
Инвестиция воситачилари мижозлар активларининг ҳисобга олиниши ва сақланишини, корпоратив ҳаракатларнинг уларнинг фойдасига бажарилишини, пул маблағларини ечиб олиш имкониятини таъминлаши, шунингдек муҳим ҳолатлар тўғрисида хабардор қилиши шарт.
Бунда мижознинг пул маблағларини ечиб олиш тўғрисидаги топшириғини бажариш муддати уч банк кунидан ошмаслиги керак.
Рухсат бериш ташаббускорнинг аризаси асосида тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан кўриб чиқилгандан ва рухсат этилган муомала ҳажмлари Марказий банк билан келишилгандан сўнг амалга оширилади. Муомалага рухсат этилган воситалар тўғрисидаги маълумотлар тегишли Реестрга киритилади.
Низомда қоидабузарликлар ва инвесторлар манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар юзага келганда воситалар муомаласини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш имконияти назарда тутилган.
Шундай қилиб, тасдиқланган Низом инвесторларнинг хорижий қимматли қоғозлар ва молиявий воситаларга кириш имкониятини босқичма-босқич кенгайтириш учун ҳуқуқий ва инфратузилмавий асос яратади ҳамда бир вақтнинг ўзида бозор иштирокчиларига, операцияларнинг шаффофлигига, активларни ҳисобга олишга ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишга оид талабларни белгилайди.