logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Агентлик ҳақида

foto

Биз ҳақимизда

18105

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик, ИЛМА) – крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

ИЛМА миссияси – халқаро стандартларга жавоб берадиган бозор яратиш, мамлакат иқтисодиётига қўшимча капитал ва инвестицияларни жалб этиш, инвесторлар ҳимоясини таъминлаш ҳамда фуқаролар фаровонлигини ошириш учун шароит яратиш.

Биз маҳаллий ва хорижий соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик қилиб, глобал иқтисодий ва молиявий муҳитнинг тез ўзгарувчан шароитлари билан ҳамқадам бўлиш учун ўзимизнинг ёндашув, тамойил ва қоидаларимизни фаол равишда такомиллаштириб борамиз.

Агентлик фуқаролар, инвесторлар, бозор иштирокчилари билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, соҳада юзага келаётган муаммоларга тезкорлик билан жавоб бериш тарафдори ҳисобланади.

Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.

 

АГЕНТЛИК ТАРИХИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2017 йилда ташкил этилган.

ЛБМА га Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон томонидан жалб қилинадиган давлат мақсадли жамғармалар, хорижий кредитлар ва грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурларни, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари юклатилган эди.

2022 йил апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги сифатида қайта ташкил этилди. Фармонга мувофиқ, Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли этиб белгиланди.

2023 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори билан Агентликка Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг капитал бозорини, шу жумладан қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини тартибга солиш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, шунингдек, суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш бўйича вазифа, функция ва ваколатлари ўтказилди. Агентлик ушбу соҳаларда тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунингдек, «Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази» давлат унитар корхонаси ва Корпоратив ахборот ягона портали Агентликка беғараз ўтказилди.

2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори билан Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг электрон тижоратни тартибга солиш ва ривожлантириш соҳасидаги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги вазифа, функция ва ваколатлари Агентликка топширилди.

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Агентликнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, қисқартирилган номи – Истиқболли лойиҳалар агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи – National Agency of Perspective Projects of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи – Perspective Projects Agency;

в) рус тилида:

тўлиқ номи – Национальное агентство перспективных проектов Республики Узбекистан, қисқартирилган номи – Агентство перспективных проектов.

 

Агентликнинг асосий мақсадлари инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини назарда тутувчи миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолияти соҳаларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳаларга инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштиришдан иборат.

 

Агентликнинг асосий вазифалари:

- крипто-активлар айланмаси, капитал бозори ва суғурта бозори соҳаларини, электрон тижорат, лотерея ҳамда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятлари соҳаларида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
- суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларининг суғурта муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;
- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
- давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш.

 

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга.

Агентлик ходимлари Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Саҳифанинг имо-ишора тилига таржимаси.