Ёпиш
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Тошкент шаҳрида E-com Business Fest 2026 форуми бўлиб ўтди

23.06.2026
85

Тошкент шаҳрида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан Селлерлар ассоциацияси, Ўзбекистон электрон тижорат ассоциацияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган халқаро E-com Business Fest 2026 форуми бўлиб ўтди. Форум давлат органлари, маркетплейслар, тўлов ташкилотлари, логистика компаниялари, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ҳамда электрон тижорат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар вакилларини бир майдонга жамлади.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Агентликнинг Электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Муҳаммадиев Камронбек электрон тижорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятига тўхталди.

"Кечагина муҳтарам Президентимиз электрон тижорат платформалари учун хабардор қилиш тартибини жорий этувчи қонунни имзоладилар. Тахминан бир ярим йил давомида ассоциациялар, жумладан Селлерлар ассоциацияси ва Электрон тижорат ассоциацияси билан биргаликда мазкур ҳужжат устида иш олиб бордик. Ва ниҳоят, кеча ушбу қонун имзоланди. Энди эса биз Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуни, Солиқ кодекси ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи асосий қонун қабул қилинишини кутмоқдамиз", — дея таъкидлади у.

E-com Business Fest 2026 Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг йирик платформалардан бири ҳисобланади. Форумнинг мақсади электрон тижорат экотизимини ривожлантиришга кўмаклашиш, илғор тажриба алмашиш, онлайн савдо, логистика, рақамли тўловлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги замонавий ечимларни муҳокама қилишдан иборат. Тадбир доирасида панел муҳокамалари, экспертлик сессиялари ҳамда бизнес ва давлат органлари вакиллари ўртасида учрашувлар ўтказилмоқда.

Форум давомида иштирокчилар мамлакатда электрон тижоратни янада ривожлантириш истиқболлари, тартибга солиш муҳитини такомиллаштириш, маркетплейслар ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли тўлов ечимларини кенгайтириш, шунингдек рақамли муҳитда фаолият юритувчи тадбиркорлар ва сотувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини муҳокама қилдилар.