Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қўшма қарори билан “Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта воситачилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари” тасдиқланди (рўйхат рақами 3898, 2026 йил 13 июль).
Мазкур Қоидалар ЖФОДЛ/ТМ соҳасидаги халқаро стандартлар, хусусан Молиявий чоралар ишлаб чиқиш гуруҳи (ФАТФ) тавсияларини миллий қонунчиликка мувофиқлаштириш, шунингдек миллий тизим самарадорлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.
Янги таҳрирда суғурта соҳасида ЖФОДЛ/ТМга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим ўзгартишлар назарда тутилган. Хусусан:
– ЖФОДЛ/ТМ соҳасида қўлланиладиган тушунчалар аниқлаштирилди
ва тўлдирилди, жумладан, “учинчи томон” ва “юридик шахс ташкил этмаган чет эл тузилмаси” каби янги тушунчалар киритилди;
– ички назорат қоидаларини ишлаб чиқишда гуруҳий ёндашувни қўллаш бўйича талаблар белгиланди;
– ташкилот раҳбариятининг ички назорат тизими самарадорлигини мунтазам баҳолаб бориш бўйича масъулияти мустаҳкамланди;
– суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта воситачилари учун масъул шахс ҳамда мижозни идентификация қилиш шакллари тасдиқланди;
– махсус ваколатли давлат органининг “Шахсий кабинет” ахборот тизимига уланиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди;
– мижозларни лозим даражада текшириш, таваккалчиликларни баҳолаш
ва ички назорат жараёнлари халқаро стандартлар асосида қайта такомиллаштирилди.
Янги таҳрирдаги Қоидаларнинг қабул қилиниши суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта воситачилари томонидан ЖФОДЛ/ТМ соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ички назорат тизими самарадорлигини ошириш, таваккалчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бошқариш ҳамда ФАТФ тавсияларини миллий амалиётга янада самарали татбиқ этишга хизмат қилади