Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан ўтказилган брифингда баён этилган қонунчиликнинг баъзи нормалари нотўғри талқин қилинган хабарлар тарқалди.
Хусусан, электрон тижорат доирасида, шу жумладан йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар учун амалдаги ҳисоб-китоблар тартиби 2026 йил 12 декабрдан жорий этиладиган янги талаб сифатида талқин қилинган.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишининг олдини олиш мақсадида Агентлик қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-1173-сон Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улар 2026 йил 12 декабрдан кучга киради.
Хусусан, 23-модда қуйидаги нормалар билан тўлдирилади:
«Электрон тижорат операторлари, электрон тижоратда сотувчи бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек электрон тижоратда сотувчи ёки буюртма асосида товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ёхуд йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар (бундан буён матнда ўзини ўзи банд қилган шахслар деб юритилади) электрон тижорат доирасидаги ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисобварақларидан (якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар — электрон ҳамёнларидан ҳам) фойдаланган ҳолда амалга оширади.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг электрон тижорат доирасидаги фаолияти натижасида маблағлар тарзида олинган даромадлари ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг банк картасига бириктирилган алоҳида банк ҳисобварағида ва (ёки) электрон ҳамёнида ҳисобга олинади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
учинчи шахслар (сотувчилар) учун тўловни қабул қилиш;
товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчининг ёки электрон тижорат операторининг ҳисобварағидаги маблағларни кейинчалик инкассация қилиш учун ҳисобдан чиқариш мақсадида ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига ва (ёки) электрон ҳамёнига маблағларни олдиндан жойлаштириш;
етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўлов сифатида нақд пул қабул қилишга, бунда алоҳида банк ҳисобварағидан ва (ёки) электрон ҳамёндан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчига ўтказилган маблағларга тенг бўлган миқдорда нақд пулни инкассация қилмасдан ўз ихтиёрида қолдириш».
Бу амалиётда нимани англатади:
Алоҳида ҳисобварақ электрон тижорат доирасидаги фаолият билан боғлиқ ҳисоб-китоблар учун мўлжалланган. Бу иш орқали тушган маблағларни шахсий пуллардан ажратиш ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш имконини беради.
Электрон ҳамёндан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар бундай ҳисоб-китоблар учун алоҳида банк ҳисобварағи билан бир қаторда фойдаланиши мумкин.
Учинчи шахслар учун тўловни қабул қилиш деганда, масалан, курьернинг сотувчига тегишли тўловни харидордан қабул қилиб олиш ҳуқуқи тушунилади.
Маблағларни олдиндан жойлаштириш деганда, ўзини ўзи банд қилган шахс ўзининг алоҳида ҳисобварағига ёки электрон ҳамёнига олдиндан пул киритиб қўйиши тушунилади. Кейинчалик нақд пулни банкка топшириш ўрнига ушбу маблағлардан ҳисоб-китоб қилинади.
Нақд пулда тўлаш тақиқланмайди. Масалан, курьер харидордан 100 000 сўм нақд пул олган ва унинг алоҳида ҳисобварағидан етказиб берувчига шунча маблағ ўтказилган бўлса, у ушбу нақд пулни ўзида қолдиришга ҳақли.
Бундай тартиб ҳайдовчи ва курьерларни олдиндан ўтказилган сумма доирасидаги нақд пулни банкка топшириш заруратидан озод қилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, юқоридаги асосий нормалар янгилик эмас. Улар Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги «Электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 885-сон қарорининг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган бўлиб, 2025 йил 1 июлдан бошлаб қўлланилмоқда.
Хусусан, булар алоҳида банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш, маблағларни олдиндан жойлаштириш ва белгиланган миқдордаги нақд пулни ўз ихтиёрида қолдириш ҳуқуқидир. Қонун ушбу нормаларни юқорироқ юридик кучга эга ҳужжат даражасида мустаҳкамлайди ҳамда уларни электрон ҳамёнлар ва учинчи шахслар учун тўлов қабул қилишга оид қоидалар билан тўлдиради.
Шундай қилиб, электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш мақсадида мазкур Қонун билан уларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳисоб-китоблари тартиби мустаҳкамланмоқда.
Демак, 2026 йил 12 декабрдан кучга кирадиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳайдовчилар ҳамда курьерлар учун амалдаги ҳисоб-китоблар тартибини тубдан ўзгартиришни назарда тутмайди, балки амалдаги нормаларни қонун даражасида мустаҳкамлайди ва тўлдиради.
Агентлик оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларни қонунчиликдаги ўзгаришларни ёритишда амалдаги ҳуқуқий нормаларни инобатга олишга, расмий ахборот манбаларига таянишга ва қонунчилик нормаларининг нотўғри талқин қилинишига йўл қўймасликка чақиради.