Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш (кейинги ўринларда – ЖФОДЛ/ТМ) миллий тизимини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
ЖФОДЛ/ТМ соҳасидаги халқаро стандартлар (ФАТФ тавсиялари) талабларини миллий қонунчиликка жорий этиш ҳамда ЖФОДЛ/ТМга қарши курашиш миллий тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида Агентлик ва Департаментнинг қўшма қарори билан Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари янги таҳрирда тасдиқланди (рўйхат рақами 3877, 2026 йил 30 июнь).
Хусусан, Қоидаларнинг янги таҳририда таваккалчиликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ички назорат ҳамда мижозларни лозим даражада текшириш тартиб-таомилларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари ва ваколатли давлат органлари ўртасидаги мониторинг ҳамда ахборот алмашинувининг айрим жараёнларини рақамлаштиришга оид нормалар ўз аксини топган.
Жумладан, Қоидаларда:
қўлланиладиган тушунчалар аниқлаштирилди ва тўлдирилди, хусусан, учинчи томон, аниқлик даражаси, юридик шахс ташкил этмаган чет эл тузилмаси ва бошқалар каби таърифлар қўшилди;
ички назорат қоидаларини ишлаб чиқишда гуруҳий ёндашув ва таваккалчиликка йўналтирилган моделни қўллаш талаблари тўлдирилди;
хизматлар (операциялар) нинг таваккалчилик профилини ҳисобга олган ҳолда ва операциялар иштирокчиларининг идентификация маълумотларининг ҳар бир элементи бўйича алоҳида автоматлаштирилган текширувнинг аниқлик даражасини белгилаган ҳолда профессионал иштирокчининг ахборот тизимларини созлашга қўйиладиган талаблар батафсил баён этилди;
профессионал иштирокчи раҳбариятининг ички назорат тизими самарадорлигини доимий баҳолаб бориш мажбурияти мустаҳкамланди;
профессионал иштирокчи томонидан ҳар йили ўз назоратчиси тўғрисидаги маълумотларни Агентликка тақдим этиш мажбурияти жорий этилди;
қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг назоратчиси ҳамда мижозни идентификация қилиш учун шакллар тасдиқланди;
ЖФОДЛ/ТМга қарши курашиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг «Шахсий кабинет» ахборот тизимига уланиш тартиби белгиланди.