logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

11.05.2024
2821

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 мартдаги ПҚ-108-сон “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 26 апрелдаги 3-сонли буйруғи билан Суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 10 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3512) тасдиқланди.

Таъкидлаш лозимки, Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлиги учун суғурталовчиларга жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида амалдаги низомдан (рўйхат рақами 1842, 2008 йил 15 август) фарқли равишда, юқорида қайд этилган Президент қарори асосида ишлаб чиқилган мазкур низом суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллашнинг асослари, тартиби ва муддатларини, жарима санкцияларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш тартибини белгилайди.

Шу билан бирга, суғурта қилдирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мажбурий суғурта бўйича суғурта товонларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида мазкур Низомда суғурталовчи учун белгиланган устав капитали энг кам миқдоридан (СБУКМ) келиб чиқиб ҳисобланадиган қуйидаги жарима санкциялари назарда тутилган:

мажбурий суғурта турлари бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда аризаларни (суғурта даъволарини) кўриб чиқмаслик - ҳар бир ҳолат учун СБУКМнинг 0,005 фоиз, яъни 1.750.000 сўм, жами аниқланган ҳолатлар учун СБУКМнинг 0,1 фоиздан, яъни 35.000.000 сўмдан кўп бўлмаган миқдорда жарима;

мажбурий суғурта турлари бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда суғурта товонини тўламаганлик учун - ҳар бир ҳолат учун СБУКМнинг 0,01 фоиз, яъни 3.500.000 сўм, жами аниқланган ҳолатлар учун СБУКМнинг 0,1 фоиздан, яъни 35.000.000 сўмдан кўп бўлмаган миқдорда жарима;

суғурталовчилар ва уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерларини ваколатли орган билан келишмаган ҳолда тайинлаганлик учун - ҳар бир ҳолат учун СБУКМнинг 0,09 фоиз, яъни 31.500.000 сўм, жами аниқланган ҳолатлар учун СБУКМнинг 0,1 фоиздан, яъни 35.000.000 сўмдан кўп бўлмаган миқдорда жарима;

ваколатли давлат органининг мажбурий кўрсатмаларини бажармаганлик, шу жумладан ўз вақтида бажармаганлик учун - ҳар бир ҳолат учун СБУКМнинг 0,09 фоиз, яъни 31.500.000 сўм, жами аниқланган ҳолатлар учун СБУКМнинг 0,1 фоиздан, яъни 35.000.000 сўмдан кўп бўлмаган миқдорда жарима;

суғурталовчининг ҳисоб (валюта) ва бошқа банк рақамларида ўтган ўн икки ой мобайнида ҳисобланган суғурта товонлари суммасининг 3 фоизидан кам бўлмаган миқдорда пул маблағлари мавжуд бўлишига оид талабга риоя қилмаганлик - СБУКМнинг 0,1 фоизи, суғурталовчи устав капиталига қараб, 20 млн. сўмдан – 45 млн. сўмгача миқдордаги жарима.

Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради