Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Тошкент шаҳрида “Advancing Islamic Finance for Sustainable Growth Across CIS” мавзусида МДҲ мамлакатларининг V Ислом банки ва молия форуми (5th CIS Islamic Banking and Finance Forum) ўз ишини бошлади. Форум МДҲ мамлакатларида ислом молиясини ривожлантириш масалаларига бағишланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги тадбир ҳамкорларидан бири сифатида иштирок этди.
Агентлик номидан тадбирда Капитал бозори экотизимини ривожлантириш ва регулятор инновациялар бўлими бошлиғи В. А. Ли табрик сўзи билан иштирок этди. У ўз нутқида форум ташкилотчилари ва халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва бутун минтақада ахлоқий молияга, хусусан, сукук инструментларига қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, у халқаро экспертлар ва иштирокчиларни тажриба алмашиш, инновацияларни жорий этиш ҳамда соҳавий стандартларни янада такомиллаштиришга чақирди. Агентлик форум доирасида ишлаб чиқиладиган амалий таклифлар ва экспертлар тавсияларини қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида кўриб чиқишга тайёр эканини қайд этди.

Форум дастуридан ялпи мажлис ҳамда ислом молияси соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини ривожлантириш, шариат бошқаруви ва AAOIFI ҳамда IFSB халқаро стандартлари, хорижий инвестицияларни жалб этишда ислом молиясининг ўрни, сукук бозори, исломий суғурта (такафул), исломий лизинг (ижара), финтех ечимлари ҳамда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш масалаларига бағишланган тематик сессиялар ўрин олган.
Форум давлат органлари, халқаро молия ташкилотлари, банк ва суғурта секторлари, инвестиция институтлари ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирди. Тадбир ҳамкорлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Ўзбекистон банклари ассоциацияси, Ўзбекистон суғурталовчилар ассоциацияси ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар иштирок этмоқда.
Форум халқаро тажриба алмашиш ҳамда Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида ислом молиясини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
