logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Агентлик ҳақида

foto

Биз ҳақимизда

1642

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5120-сон Фармони асосида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-121-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги сифатида қайта ташкил этилган.

Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.

Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-291-сон қарорига мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг капитал бозорини, шу жумладан қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини тартибга солиш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, шунингдек, суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Агентликка ўтказилиб, Агентлик ушбу соҳаларда тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунигдек, «Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази» давлат унитар корхонаси ва Корпоратив ахборот ягона портали Агентликка беғараз ўтказилди.

Агентлик ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ҳамда мутахассислари билан, жумладан, иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш орқали ўзаро ҳамкорлик қилади.

Агентликнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, қисқартирилган номи – Истиқболли лойиҳалар агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи – National Agency of Perspective Projects of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи – Perspective Projects Agency;

в) рус тилида:

тўлиқ номи – Национальное агентство перспективных проектов Республики Узбекистан, қисқартирилган номи – Агентство перспективных проектов.

Агентликнинг асосий мақсадлари инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини назарда тутувчи миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси ва умуман крипто-активлар айланмаси соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда ривожлантириш, ушбу соҳага инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштиришдан иборат.

Агентликнинг асосий вазифалари:

крипто-активлар айланмаси, капитал бозори ва суғурта соҳаларида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

крипто-активлар айланмаси, капитал бозори ва суғурта соҳаларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш.

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга.

Агентлик ходимлари Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.