logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди

04.03.2024
3775

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 1 март куни “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур қарор билан қуйидаги йўналишларда бир қатор янгиликлар киритилди.

 

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш, шунингдек, соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш орқали суғурта ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш йўналишида:

– Ягона ахборот тизимида мажбурий равишда суғурта (қайта суғурта) шартномаларини электрон рўйхатга олинади ва суғурта полислари расмийлаштирилади;

– мажбурий суғурта турлари бўйича шартномаларнинг ўз вақтида, электрон шаклда тузилишини таъминлаш бўйича вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари интеграция қилинади;

– Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона ахборот тизимида суғурта ташкилотларининг ҳисоботлари босқичма-босқич автоматик равишда шакллантирилади ва соддалаштирилади;

– суғурта бозори профессионал иштирокчилари фаолиятига аралашмаган ҳолда Ягона ахборот тизимида уларнинг фаолияти онлайн-мониторинг қилинади.

 

Суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, аҳолининг суғурта саводхонлигини ошириш, суғуртанинг янги турларини оммалаштириш ва жорий этиш йўналишида:

– 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича “суғурта ташкилотлари рейтинги” юритилади;

– суғурта маданиятини ва аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончини оширишга қаратилган мавзули дастурлар ва кўрсатувлар ташкил этилади;

– юклатилган суғурта турларини босқичма-босқич кенгайтириш, ихтиёрий тиббий суғуртанинг қамровини ошириш, юридик шахларнинг кўчмас мулкини техноген ва табиий офатлардан мажбурий суғурталаш тизимини жорий этиш, “такаффул” ва “яшил суғурта” суғурта маҳсулотларини оммалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Суғурта бозорида соғлом рақобат ва тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам беришда:

– электрон суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби такомиллаштирилади;

– суғурта захираларини ҳисоблаш ва суғурталовчиларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда халқаро стандартларга босқичма-босқич ўтилади;

– суғурта фаолиятини лицензиялаш тартиби такомиллаштирилади, жумладан лицензия талабларига ахборот тизимларининг мавжудлиги белгиланади;

– 2025 йил октябрдан бошлаб кейинги 5 йил давомида суғурта ташкилотлари учун табақалаштирилган устав капиталининг энг кам миқдори босқичма-босқич оширилиши белгиланди;

– Агентликка актуар ҳисоб-китобларга асосланган тавсиявий характерга эга суғурта тарифларининг минимал миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилди;

– суғурта таваккалчилиги даражасига сезиларли таъсир кўрсатувчи ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларини қайта кўриб чиқилади.

 

Суғурта соҳасида янги авлод кадрларини тайёрлаш йўналишида:

– илғор хорижий тажриба асосида таълим дастурларини ва олий таълимнинг миллий стандартларини қайта кўриб чиқилади бакалавриатда ўқиш муддатини 4 йилдан 3 йилгача қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;

– суғурта иши бўйича суғурта ташкилотларининг юқори бошқарув органлари ходимлари малакаси мунтазам оширилишини таъминланади.

 

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ва юқоридиги йўналишлар бўйича босқичма-босқич бажарилиши режалаштирилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.