Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларидан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда рақамли ресурслар билан ишлашда масъулиятли ёндашувни шакллантиришга қаратилган тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида рақамли фактчекинг ва ахборот хавфсизлиги бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Унда ахборотнинг ишончлилигини текшириш, нотўғри маълумотларни аниқлаш ҳамда рақамли муҳитда хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотлар давомида иштирокчилар ахборотни текширишнинг асосий усуллари, манипулятив контентни аниқлаш йўллари, шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва ахборот таҳдидларининг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар билан танишдилар.
Шунингдек, ёшлар учун давлат хизматларининг рақамли имкониятларидан фойдаланишга бағишланган маҳорат дарси ташкил этилди. Унда my.gov.uz ва e-ijro порталларининг имкониятлари, электрон хизматлардан фойдаланиш тартиби ҳамда давлат органлари билан рақамли шаклда ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмлари тушунтирилди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда давлат идоралари фаолиятини таҳлил қилиш ва таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Иштирокчилар замонавий рақамли технологиялар ёрдамида ахборотни қайта ишлаш, маълумотларни тизимлаштириш ва таҳлилий фаолият самарадорлигини ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Мазкур тадбир ёшларнинг рақамли компетенцияларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологиялардан самарали ва масъулиятли фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.