Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида ёшларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда "Ўзбекистон - 2030" стратегиясининг устувор йўналишларини амалга ошириш масалаларига бағишланган "Раҳбар ва ёшлар мулоқоти" учрашуви ўтказилди.
Учрашув давомида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ёшларнинг ўрни, давлат дастурлари ва ташаббусларини амалга оширишдаги иштироки, шунингдек, ёш кадрларнинг касбий ўсиши ва етакчилик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган имкониятлар муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот доирасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. Ёш мутахассислар давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш, бошқарув жараёнлари самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудлар ривожига оид долзарб масалалар юзасидан ўз ғоя ва таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, ёш мутахассисларни давлат фуқаролик хизматига жалб этиш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчиларга давлат хизматига кадрларни танлаб олишнинг асосий тамойиллари, очиқ танловларни ўтказиш тартиби, касбий компетенцияларни баҳолаш мезонлари ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, ёш давлат хизматчиларининг мартабада ўсиш имкониятлари, бошқарув кўникмаларини ривожлантириш ва касбий малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Замонавий давлат бошқаруви вазифаларини самарали бажаришга қодир кадрлар салоҳиятини шакллантиришнинг аҳамияти таъкидланди.
Мазкур учрашув раҳбарият ва ёшлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, ёш мутахассисларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат бошқаруви жараёнларидаги фаоллигини ошириш ҳамда мамлакат тараққиётига қаратилган стратегик вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.