logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

19.12.2024
377

Жорий йил 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 3584-сон рақами билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг “Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга оширишга лицензиялар берилганлиги учун давлат божи миқдорларини белгилаш тўғрисида”ги буйруғи бугунги кунда Интернет тармоғида қатор муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

Авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга лицензия бериш учун давлат божи миқдори ва уни тўлаш тартиби Агентлик томонидан белгиланиши келтирилганлигини таъкидлаш жоиз.

Шу боис, мазкур тартиб ва миқдорлар жахон тажрибасини ҳамда ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган халқаро компаниялар (халқаро крипто-биржалар) ва мутахассисларнинг (жумладан, ЕИ мамлакатларидан) тавсияларини ўрганган ҳолда белгиланган ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтида очиқ ва умумий фойдаланилиши мумкин бўлган ахборот сифатида жойлаштириб келинган.

Маълумот учун: Интернет тармоғидан олинган маълумотларга кўра, Гонконгда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ҳизмат провайдери лицензиясини олиш харажатларининг умумий миқдори 2,5-25,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Ушбу миқдорлар крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти туридан келиб чиқиб, шунингдек, мамлакат ҳудудига ҳар хил турдаги фирибгарлик лойиҳалари ташкилотчиларининг кириб келишига тўсиқ бўлиб хизмат қилиши сифатида белгиланган.

Маълумот учун: мисол тариқасида 2017 йилдан бошлаб Эстониянинг ваколатли органлари томонидан крипто-активлар билан фаолиятни амалга оширувчи қарийиб 1,5 мингдан ортиқ компанияларга лицензиялар тарқатиб чиқилганлигини (лицензиянинг нархи хизмат туридан келиб чиқиб, 1 000-1 500 АҚШ долл. оралиғида белгиланган) келтириш мумкин.

Бироқ, 2019 йилга келиб, Эстония молия институтлари орқали жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар аниқлангандан сўнг, ҳукумат крипто-активлар билан шуғулланувчи компаниялар учун талабларни кучайтирди, натижада 500 дан ортиқ лицензиялар бекор қилинди ҳамда 2020 йилга келиб крипто-бозорда фақатгина бир неча юз компанияларгина қолди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳаси тўлиқ тартибга солинган. Жумладан, жисмоний ва юридик шахслар учун крипто-активлар билан операцияларни (сотиб олиш, сотиш, чиқариш ва бошқа) амалга ошириш учун ҳеч қандайн тўсиқлар мавжуд эмас.

Шу билан бирга, ушбу соҳада амалга оширилган барча ишларнинг натижаси сифатида 2024 йилда  мамлакатимиз крипто-активлар соҳасидаги халқаро рейтингларда 151 мамлакат ичида нуфузли 33-ўринни, Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса 1-ўриндалигини келтириш лозим.

 

Шу боис, оммавий ахборот воситалари ҳамда инфлюенсерлардан аввал ушбу йўналишни тартибга солиш юзасидан мавжуд барча маълумотлар билан яхшилаб танишиб чиқиб, ундан сўнг юртдошларимизга маълумотларни тўғри ва тўлиқ етказишни сўраб қоламиз.