Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банки вакиллари 2025 йил 25-27 ноябрь кунлари БАА Марказий банки томонидан ташкил этилган Ислом молиясини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича билим алмашиш сессияларида иштирок этдилар. Дастурнинг мақсади Ислом молиясида тартибга солувчилар ўртасида тажриба алмашиш ва Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўлди.
Дастур давомида иштирокчилар миллий Ислом молия стратегиясини ишлаб чиқишнинг асосий жиҳатларини, шунингдек, давлат идоралари ўртасида самарали ўзаро таъсир механизмларини кўриб чиқдилар. Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шариат талабларини кодификация қилиш ва замонавий шариат бошқарув моделларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мутахассислар шунингдек, шариат аудити, ҳисобот бериш ва ошкор қилиш масалаларига тўхталиб, пруденсиал стандартлар, рискларни бошқариш ёндашувлари ва Ислом молия институтларини назорат қилишни муҳокама қилдилар. Алоҳида бўлим Ислом пул-кредит воситалари ва ликвидликни бошқариш механизмларига, жумладан, Марказий Шариат Кенгашининг шариатга мувофиқлик тизимини яратишдаги ролига бағишланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси БАА нинг энг йирик молия институтлари – First Abu Dhabi Bank, Dubai Islamic Bank ва Emirates NBD га ташриф буюриб, ислом банкчилигини жорий этиш, шариат қоидаларига риоя қилишни ташкил этиш ва тартибга солиш жараёнлари бўйича амалий тажриба билан танишди.
Ислом молия соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистонда барқарор экотизимни шакллантиришга, халқаро стандартларни жорий этишга ва тартибга солиш имкониятларини ривожлантиришга ҳисса қўшади, молия секторини диверсификация қилиш ва унинг глобал рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади.
Идоравий мансуб ташкилотлар