Янгиликлар
Расмий муносабат
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) “bakiroo” телеграм-каналида “Ҳаммага тенг рақобат бўлиши шарт” номли, шунингдек, "Эффект Макаренко" телеграм-каналида эълон қилинган материал юзасидан қуйидагиларни хабар қилади.
“Ҳаммага тенг рақобат бўлиши шарт” сарлавҳаси остидаги материалда юқоридаги телеграм-канал муаллифи Отабек Бакиров ва маҳаллий электрон тижорат бозори вакиллари давлатнинг хорижий электрон савдо майдончалари (бозорлари)га муносабатини, яъни давлат томонидан рўйхатга олиш, солиққа тортиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан, муҳокама қилмоқда.
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ-381-сон қарорига асосан электрон тижорат соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича вазифалар, функциялар ва ваколатлар Агентликка ўтказилган.
Агентлик томонидан бозорни ўрганиш ва тадқиқ қилиш, электрон тижоратни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш натижасида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. Мазкур лойиҳа белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этилган.
Аввалроқ Агентлик раҳбариятининг “Retail Central Asia” халқаро ПЛАС-форуми ва Маркетплейслар бўйича иккинчи халқаро конференциясидаги нутқида Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентига айланган ва миллий қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ тўлаб келаётган “Wildberries”, “OZON» ва «Яндекс» компанияси каби хорижий электрон савдо майдончалари фаолиятини маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилган эди.
2024 йилнинг 9 ойи давомида “Яндекс” компанияси солиқ тўловлари миқдори 125 миллиард сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан бозорнинг профессионал иштирокчилари, ишбилармон доиралар вакиллари, аҳоли, хорижий инвесторлар иштирокида мавжуд муаммо ва соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган тўсиқлар юзасидан фикр-мулоҳазалар олиш мақсадида мунтазам равишда кўплаб учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Агентликнинг алоҳида устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
соғлом рақобат муҳитини яратиш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш;
электрон савдо майдончалари орқали экспортни рағбатлантириш;
электрон тижорат соҳасидаги етакчи хорижий ўйинчиларни мамлакатга жалб қилиш, шу жумладан, улар томонидан шўба корхоналар очиш ва Ўзбекистон Республикасида тегишли электрон тижорат экотизимини яратиш.