Янгиликлар
Openinfo.uz порталини такомиллаштиришга бағишланган семинар
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда KPMG халқаро аудит компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Корпоратив ахборот ягона порталини модернизация қилиш ва капитал бозорини назорат қилишнинг самарали воситасини ишлаб чиқиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда ЕТТБ маслаҳатчиси Ден Мешулам, ЕТТБ таҳлилчиси Жон Гордон, KPMG офиси директори Ануар Нураҳметов, халқаро экспертлар Михаил Пехоцкий ва Катажина Сокович иштирок этдилар.
Ўзбекистон томонидан Агентлик, “Тошкент” фонд биржаси ва “Узинфоком” ягона интегратори вакиллари қатнашдилар.
ЕТТБ вакиллари ва халқаро экспертлар Ягона корпоратив ахборот портали (openinfo.uz) ни модернизация қилиш бўйича ҳаракатлар сценарийларини тақдим этдилар. Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш тенденциялари ва истиқболлари, хусусан, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ягона портални янада такомиллаштириш стратегияси бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида портални ишлаб чиқишнинг бир қатор сценарийлари, жумладан XBRL ва JSON маълумотлар алмашинуви стандартларини жорий этиш билан боғлиқ сценарийлар кўриб чиқилди.
Семинар якунлари бўйича томонлар молия бозорининг янада очиқлигини таъминлаш ва хорижий инвесторлар учун маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида портални янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.