logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистон Республикасида крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун биринчи лицензиялар берилди

17.11.2022
3557

 

     Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида мамлакатнинг ижтимой-иқтисодий ривожланишнинг турли соҳаларида, шу жумладан крипто-активлар бозорини ривожлантириш ва ҳуқуқий асосларини яратиш соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

     Ўзбекистон Республикаси крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш бўйича шакллантирилган норматив-ҳуқуқий базаси мавжуд бўлган дўнёдаги кам сонли давлатларидан бири ҳисобланади.

     Хозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Aгентлик) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-121-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон ва 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарорлари асосида Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низоми (рўйхат рақами 3380, 2022 йил 15 август) ва Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари (рўйхат рақами 3395, 2022 йил 31 октябрь) ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

     Юқорида кўрсатиб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Агентлик томонидан крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун “Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖларга биринчи лицензиялар берилди. Тегишли маълумотлар лицензияларнинг электрон реестрига белгиланган тартибда киритилган ҳамда Aгентликнинг расмий веб-саҳифасида фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади.

     Шуни алоҳида тақидлаш жоизки, Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖлар Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудидаги биринчи крипто-дўконлар бўлди.

 

     Шунингдек, Aгентлик фуқаролардан ўта ҳушёр бўлишларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка ва эҳтиёт чораларини кўришларига қатъий даъват этади.