Menu
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Озарбайжон Марказий банки вакиллари ИЛМА капитал бозори соҳасидаги тажрибаси билан танишдилар

23.10.2026
57

2026 йил 22–23 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Озарбайжон Республикаси Марказий банки вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (ИЛМА, Агентлик) ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф капитал бозори соҳасида регуляторлар ўртасида тажриба алмашишга қаратилди.

Ташриф Озарбайжон Республикаси Марказий банкининг мурожаатига асосан, Ўзбекистон Республикасида капитал бозори фаолиятини, шунингдек, Агентликнинг ушбу соҳадаги тартибга солиш ва назорат бўйича амалий тажрибасини ўрганиш, икки мамлакат мутахассислари ўртасида касбий билим ва ёндашувлар алмашинувини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Озарбайжон томони, айниқса, капитал бозорини ривожлантириш, халқаро стандартлар, жумладан, IOSCO ва PFMI талабларини ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва унинг халқаро интеграциясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида қизиқиш билдирди. Шунингдек, қимматли қоғозлар бозорини мониторинг қилиш, бозордаги манипуляцияларнинг олдини олиш ва уларни аниқлаш механизмлари, эмитентлар томонидан ахборотни ошкор этиш талаблари ҳамда назорат фаолиятида таваккалчиликка асосланган ёндашувни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Агентлик вакиллари, шунингдек, назорат соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг (UzNIF) глобал депозитар тилхатларини (GDR) жойлаштиришни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича тажрибалари, шунингдек, Қимматли қоғозлар бўйича комиссияларнинг халқаро ташкилоти (IOSCO) билан MMoU (ўзаро англашув тўғрисидаги кўп томонлама меморандум)ни имзолаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Ташриф якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш, амалий тажриба алмашиш, шунингдек, рақамли ва таҳлилий ечимлардан фойдаланган ҳолда тартибга солиш ёндашувларини такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.