Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти "Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонни қабул қилди.
Фармон билан фонд бозорига камида 1 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилиш, шу жумладан, камида 5 триллион сўмлик корпоратив облигациялар чиқариш орқали 2030 йилга қадар капитал бозорини ривожлантиришнинг устувор мезонлари белгиланди.
Ушбу мақсадларга эришиш учун капитал бозорини ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш ва синовдан ўтказиш, қимматли қоғозлар бозорида шаффофликни таъминлаш ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган бир қатор ташкилий ва ҳуқуқий чоралар тасдиқланди.
Фармонга мувофиқ:
1) капитал бозорида "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими (кейинги ўринларда - "Тартибга солиш қумдони") такомиллаштирилмоқда, хусусан:
а) "Тартибга солиш қумдони" чекланмаган муддатга жорий этилмлоқда;
б) Ўзбекистон Республикаси резидентларига "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси мақомини олиш ҳуқуқини бериш, ва бу орқали:
маҳаллий фонд бозорида хорижий валютада облигациялар чиқариш, улар бўйича тўловларни амалга ошириш орқали ташқи бозорларга чиқмасдан хорижий валютада маблағ жалб қилиш;
қимматли қоғозларни маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида бир вақтнинг ўзида жойлаштиришни назарда тутувчи иккиламчи листинг операцияларини амалга ошириш;
в) фуқароларни фонд бозорига жалб этиш ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий фонд бозори савдо майдончаларида хорижий эмитентлар, шу жумладан АҚШ (Dow Jones, S&P 500, NYSE, Nasdaq), Буюк Британия (FTSE 100), Хитой (Hang Seng, Shanghai SSE), Япония (Nikkei) эмитентларининг акциялари, облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари билан савдоларни ташкил этиш;
г) ўз капитали миқдоридан ортиқ бўлган корпоратив облигацияларни таъминотсиз чиқариш имкониятини яратиш;
2) инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, фонд бозори иштирокчилари томонидан амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида IOSCO тамойиллари ва илғор хорижий тажриба асосида фонд бозорида назорат чоралари кучайтирилади. Хусусан:
а) эмитентлар учун “рейтинг” тизими жорий этилиб, уларнинг шаффофлиги, ахборотни ошкор этиш даражаси ва қонунчиликка риоя қилиши баҳоланади;
б) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун лицензиялаш талаблари ва шартлари янгиланди, жумладан:
профессионал иштирокчилар учун устав капиталига қўйиладиган талабларни босқичма-босқич ошириш;
ахборот-технологик таъминланганлик талаблари;
қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари раҳбарияти ва эгалари учун малака талабларининг кучайтирилиши, шу жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар талаблари асосида;
3) капитал бозори иштирокчилари учун капитал бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган алоҳида қоидалар ва капитал бозорини янада ривожлантириш ҳамда инвестиция хавфсизлигини кафолатлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.
Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши фонд бозори иштирокчилари учун имкониятларни кенгайтириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш орқали замонавий, шаффоф ва динамик капитал бозорини шакллантиришга янги туртки беради. Бу эса ўз навбатида, узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларига интеграциясини чуқурлаштириш ҳамда фуқаролар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Идоравий мансуб ташкилотлар