Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокидаги семинар
Бугунги кунда крипто-активлар айланмаси жадал ривожланаётган соҳалардан бири бўлиб, унга қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда. Крипто-активлар бозори иқтисодиётнинг нисбатан янги йўналиши сифатида дунёда ягона ҳуқуқий тартибга солиш механизмига ҳали эга эмас. Ҳатто АҚШ, Швейцария ва Япония каби ривожланган мамлакатларда ҳам крипто бозорини солиққа тортиш механизмлари ва ҳуқуқий тартибга солишнинг йўлга қўйилган тизими мавжуд эмас.
Ўзбекистон крипто-активлар муомаласини тартибга солиш бўйича меёрий-ҳуқуқий базани шакллантирган сара мамлакатлар қаторига кирди ва МДҲда биринчи бўлиб крипто-биржалар ва крипто-дўконларнинг қонуний фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратди. Халқаро компанияларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон крипто-активлар айланмаси ҳажми бўйича МДҲ мамлакатлари орасида ТОП-4 давлатлар қаторига киради.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар туфайли амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича қатор қарорлар қабул қилди.
2023 йил 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси депутатлари ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Семинар доирасида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари ва йўналишлари, крипто-индустрияни тартибга солишни такомиллаштириш бўйича қонунчилик ташаббуслари муҳокама қилинди.
Семинарда крипто-активлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш ва ФАТФ тавсияларига риоя қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.