logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Майнинг фаолияти учун ариза жўнатиш АТи яратилди

01.02.2024
1798

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан “Рўйхатдан ўтиш” ахборот тизимини яратиш ишлари якунланмоқда. Ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси ҳудудида майнинг фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этиш учун мўлжалланган.

“Рўйхатдан ўтиш” ахборот тизими “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарори, шунингдек, Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 3461 2023-йил 29-сентябрь)га мувофиқ ишлаб чиқилди.

Майнинг фаолиятини амалга оширишга рухсатнома олиш учун юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари ўз аризаларини ахборот тизими орқали топширишлари мумкин.

Мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади. Ариза берувчининг мурожаатига жавоб ҳам ушбу ахборот тизими орқали тақдим этилади ва аризачининг шахсий кабинетида акс эттирилади.

Барча босқичлар (йўналиш, кўриб чиқиш, жавоб бериш) ўтиб бўлинганидан сўнг, ариза берувчининг рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган электрон почта манзилига (email) тегишли билдиришномалар юборилади.

Ариза топшириш учун ариза берувчи юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти) www.napp.uz расмий веб-сайтидаги шахсий кабинетига кириши лозим.

Сайтнинг юқори ўнг бурчагидаги "Кириш" тугмаси орқали ахборот тизимига (шахсий кабинетга) кириш мумкин. Логин юридик шахснинг электрон рақамли имзоси (ЭРИ) ёрдамида амалга оширилади.

Сўнг "Рол танлаш" қисмида юридик шахс (жисмоний шахс эмас) белгиланади.

Тизимга кирилганида "Майнинг" тугмасини танлаш керак. Чап тарафдаги менюда "Ариза юбориш" тугмаси босилиб, "Талаблар билан танишдим" ёзувига белги қўйилганидан сўнг, барча майдонлар тўлдирилиши керак бўлган саҳифага ўтилади (тегишли файлларни илова қилиш,  қўшимча майдонларни танлаш ёки тўлдириш).

Жараён тугагандан сўнг, ариза берувчидан электрон почта манзилини кўрсатиш талаб қилинади ва аризани топширгандан сўнг, аризаси муваффақиятли топширилганлиги ҳақида хабар олади.

Ахборот тизими тест режимида ишга туширилди.

“Рўйхатдан ўтиш” ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича саволлар ёки таклифларни a.zakirov@napp.uz, t.saliev@napp.uz электрон манзилларига юбориш ёки +998712317905, +998712317920 телефон рақамлари орқали боғланиш мумкин.