logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Маркетплейслар бўйича иккинчи халқаро конференция

05.10.2024
631

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Жаҳон банки кўмагида ҳамда Ўзбекистон селлерлари уюшмаси, Электрон тижорат уюшмаси томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси билан биргаликда ташкил этилган Маркетплейслар бўйича иккинчи халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция доирасида давлат идоралари вакиллари, Марказий Осиё давлатларининг етакчи соҳа экспертлари ва бизнес раҳбарлари иштирокида электрон тижоратнинг асосий тенденциялари, бозорларни илгари суриш стратегиялари ва инновацияларни муҳокама қилиш учун кўргазма ва панель муҳокамалари бўлиб ўтди.

“Агентлик олдида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, электрон тижорат доирасида амалга оширилаётган жараёнларни тартибга солиш бўйича кўплаб ишлар турибди.

Агентлик ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун бозорнинг профессионал иштирокчилари, ишбилармон доиралар вакиллари, аҳоли, хорижий инвесторлар билан кўплаб учрашувлар ўтказиб, мавжуд муаммо ва соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар юзасидан уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганмоқда.

Айни пайтда Агентлик томонидан бозор тадқиқотлари, электрон тижоратни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини инвентаризация қилиш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, аниқланган тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Электрон савдо майдончалари орқали экспортни рағбатлантирадиган механизмларни жорий этиш, шунингдек, республика ҳудудида уларнинг экотизимларини барча иштирокчилар томонидан яратиш алоҳида устувор вазифаларимиздир”, — деди агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак тадбирнинг тантанали очилиш маросимида.

Таълим, тармоқ ва инновациялар учун платформани таъминлаган ҳолда, Маркетплейслар бўйича иккинчи халқаро конференция иштирокчиларга сўнгги тенденциялар билан танишиш, ўз малакаларини ошириш ва бизнес алоқаларини кенгайтириш, Марказий Осиё минтақасида электрон тижоратни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконини берди.