logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятини амалга ошириш учун йиғимлар миқдорлари, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби белгиланди

30.09.2022
961

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 3-бандининг “м” кичик бандига (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-121-сон Фармони таҳририда) мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун юридик шахслар йиғим тўлайдилар. Йиғимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Агентлик ўртасида тақсимланади.

Йиғимлар миқдори, уларни тўлаш ва уларнинг тақсимланиши Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади.

Шу боис, Агентликнинг 2022 йил 30 августдаги 2-сон, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2022 йил 30 августдаги 45-сон ва Ўзбекистон Респупбликаси Давлат солиқ қўмитасининг 2022 йил 18 августдаги 2022-26-сон қарори билан Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низоми (3388-сон рўйхат рақами, 2022 йил 28 сентябрь) тасдиқланиб, у билан қуйидагилар:

– йиғимлар уларни тўлаш санасида амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорига (бундан буён матнда БҲМ деб юритилади) нисбатан:

майнинг фаолияти учун – БҲМнинг 10 баравари;

хизматлар провайдерлари бўйича:

крипто-биржа фаолияти учун – БҲМнинг 400 баравари;

майнинг-пул фаолияти учун – БҲМнинг 100 баравари;

крипто-депозитарий фаолияти учун – БҲМнинг 5 баравари;

крипто-дўкон фаолияти учун – БҲМнинг 20 баравари миқдорларда;

– йиғимларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби белгиланмоқда.

Қуйидагиларга эътиборни қаратиш лозимки, юқоридаги Низомга мувофиқ:

– лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат жорий ойнинг йигирманчи санасига қадар олинганда, йиғим ушбу ой учун тўлиқ миқдорда, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат жорий ойнинг йигирманчи санасидан кейин олинганда эса кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўланади;

– крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда, йиғимни ҳисоблаб чиқариш кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади.

Агентлик томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ва тартибга солишни таъминлаш борасида ишлар давом эттирилмоқда.

Маълумот учун : +998 71 231-79-05