Янгиликлар
Капитал бозори тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Марказий ва тижорат банклари вакиллари иштирокида капитал бозори тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар, хусусан, деривативларга алоқадор қисмида ЕТТБ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Деривативлар рискларни бошқариш ҳамда ишончли ва ликвид капитал бозорларини яратишга кўмаклашишда муҳим рол ўйнайди.
Учрашувда қонун лойиҳаси, дериватив воситалар турлари, янги нормаларни жорий этиш ва соҳани тартибга солиш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон молия бозорларига халқаро инвесторларни жалб қилиш имкониятини яратувчи ҳосилавий қимматли қоғозлар бўлмиш своп ва деривативларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ваколатли РЕПО битимлари, ишлаб чиқариш воситаси битимлари ҳамда ягона бош битим билан тартибга солинадиган бошқа битимлар бўйича ликвидацион неттингни амалга оширишга имкон берувчи ўзгартиришларни қонунчиликка киритиш халқаро тажрибасини кўриб чиқдилар.
Банк вакиллари, шунингдек, шу йилнинг сентябр ойида Лондонда халқаро своплар ва деривативлар ассоциацияси (ISDA) экспертлари билан бўлиб ўтган учрашув якунлари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Хусусан, ISDA ҳамда ЕТТБ томонидан молиявий операциялар соҳасидаги қонунчилик аудитини ўтказиш жараёнида тегишли эксперт хулосалари, тавсиялар ҳамда техник ёрдам амалга оширилиши ҳақида маълум қилдилар.