Menu
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

"Капитал бозори тўғрисида"ги Қонун лойиҳасига бағишланган халқаро давра суҳбати

05.10.2026
48

Тошкент шаҳрида "Капитал бозори тўғрисида"ги янги Қонун ва миллий капитал бозорининг имкониятларини кенгайтиришга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди (Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди ва иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрланмоқда).

2026 йил 5 октябрь куни Тошкент шаҳрида "Капитал бозори тўғрисида"ги қонун: Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини жадал ривожлантириш сари янги қадам" мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) томонидан Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, ИЛМА, халқаро молия ташкилотлари ва тараққиёт институтлари вакиллари, шунингдек, экспертлар ҳамда капитал бозори инфратузилмаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ИЛМА директори биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э. Ғадоев, IFCнинг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича минтақавий менежери Нил МакКейн, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Ш. Назаров ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджи сўзга чиқди.

 

ИЛМА директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ўзининг табрик сўзида таъкидлади:

"Бугун биз Ўзбекистон Республикаси капитал бозори жадал ривожланаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз бир неча йил аввал фақат муҳокама босқичида бўлган кўплаб инструментларни аллақачон жорий этдик ва амалиётда синовдан ўтказмоқдамиз. Пилот лойиҳа доирасида ипотека облигациялари чиқарилди, хорижий валютада корпоратив облигацияларнинг дастлабки эмиссиялари рўйхатдан ўтказилди, шунингдек, дивидендларнинг Марказий депозитарий орқали тўлиқ тўланиши жорий этилди. Бу эса акциядорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини сезиларли даражада кучайтирди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида биз учун тарихий воқеа — Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди "UzNIF"нинг иккиламчи листинг асосидаги илк халқаро IPOси амалга оширилди. Унинг доирасида 600 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этилди. Бу сўнгги беш йилда Лондон биржасидаги энг йирик IPOлардан бири бўлиб, жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистон Республикаси капитал бозорига бўлган қизиқишини намоён этди.

Шу билан бирга, инвесторлар тушунарли ва аниқ қонунчилик базасини, шунингдек, ўз инвестицияларининг ишончли ҳимоя қилинишини истайдилар. Умид қиламизки, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган янги "Капитал бозори тўғрисида"ги Қонун капитал бозоримизни янги босқичга олиб чиқиш ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада кучли ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий асосни яратади. Ҳозирда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Бугунги давра суҳбати каби мулоқот майдонлари эса унинг қоидаларини қўшимча муҳокама қилиш ва қонунчилик базасини такомиллаштириш имконини беради."

 

Капитал бозорининг янги институционал асоси

Муҳокаманинг марказида капитал бозорини янада ривожлантириш учун замонавий ҳуқуқий ва институционал асосни шакллантиришга қаратилган "Капитал бозори тўғрисида"ги янги Қонун бўлди.

Қонун 16 боб ва 123 моддадан иборат бўлиб, халқаро стандартлар ва илғор тажрибани инобатга олган ҳолда капитал бозорини тартибга солиш тизимини комплекс равишда янгилашни назарда тутади. Ҳужжат Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (IOSCO) ҳамда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) каби халқаро ташкилотларнинг тажрибаси ва тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Янги тартибга солишнинг асосий йўналишлари молиявий воситалар турларини кенгайтириш, бозор инфратузилмаси ва профессионал иштирокчиларни ривожлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, давлат томонидан тартибга солиш ва назоратни такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон капитал бозорини халқаро молия бозорлари билан интеграция қилишдан иборат.

 

Инвесторлар ва бизнес учун янги воситалар

Давра суҳбатидаги асосий масалалардан бири молиявий воситалар турларини кенгайтириш бўлди.

Янги Қонун опционлар, своплар, фьючерслар, форвардлар ва нархлар фарқи шартномаларини ўз ичига олган ҳосилавий молиявий воситаларни жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратади. Шунингдек, қопланган облигациялар, секьюритизация қилинган облигациялар, барқарор ривожланиш облигациялари ва сукукдан фойдаланиш имконияти назарда тутилмоқда.

Ислом молиясини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қонунда ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук чиқаришнинг комплекс ҳуқуқий механизми, жумладан, шериклик, ижара, савдо ва агентлик каби турлар назарда тутилмоқда.

Молиявий воситалар турларининг кенгайтирилиши инвесторлар ва эмитентларга капитални жалб қилиш ва жойлаштиришнинг кенгроқ механизмларидан фойдаланиш имконини беради ва уларни анъанавий акциялар ҳамда облигациялар билан чекланиб қолмасдан амалга оширишга шароит яратади.

 

Бозор инфратузилмасини ривожлантириш

Янги молиявий воситаларни ривожлантириш бозор инфратузилмасини такомиллаштириш билан бирга олиб борилади.

Хусусан, кастодианлик фаолиятини профессионал фаолиятнинг алоҳида лицензияланадиган тури сифатида белгилаш назарда тутилмоқда. Кастодиан мижозларнинг молиявий воситалари ва пул маблағларини сақлаш ва ҳисобга олишни, шунингдек, уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни амалга оширади.

Шунингдек, рейтинг агентликлари, бошқарув компаниялари ва инвестиция фондлари фаолиятини рухсатнома асосида тартибга солиш назарда тутилмоқда.

Муҳим янгиликлардан бири марказий контрагент институтининг жорий этилишидир. У капитал бозоридаги битимлар бўйича клирингни амалга оширади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди. Бу ҳисоб-китобларнинг ишончлилигини ошириш ва рискларни бошқаришни кучайтириш имконини беради.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Хусусан, дивидендлар ва фоиз тўловлари, облигацияларни сўндириш ҳамда қимматли қоғозларни мажбурий қайта сотиб олиш бўйича ҳисоб-китобларни марказлаштирилган тартибда амалга ошириш учун шароит яратилади.

 

Инвесторларни ҳимоя қилишнинг қўшимча механизмлари

Янги тартибга солишнинг алоҳида йўналиши инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган.

Сукук ва облигация эгаларининг вакили институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. У эмитент томонидан белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади ва қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.

Шунингдек, жисмоний шахсларни уларнинг билим ва тажрибасини инобатга олган ҳолда малакали ва малакасиз инвесторларга ажратиш назарда тутилмоқда. Бундай ёндашув инвесторнинг тайёргарлик даражасини турли капитал бозори воситалари билан ишлашда ҳисобга олиш ва инвестициялар билан боғлиқ хавфлар ҳақида хабардорлигини ошириш имконини беради.

 

Халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солиш

Янги қонунчиликнинг яна бир йўналиши капитал бозорини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштиришдан иборат.

IOSCO принципларини инобатга олган ҳолда ваколатли органнинг назорат ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, қонунчилик бузилишига нисбатан таъсир чораларини қўллаш механизмларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Қонунда белгиланган ҳолларда профессионал фаолиятнинг айрим турларини чеклаш, қимматли қоғозлар муомаласини ва янги чиқарилишларни рўйхатдан ўтказишни тўхтатиб туриш, шунингдек, профессионал иштирокчилар лицензиялари ва мутахассисларнинг малака сертификатларини вақтинча тўхтатиб туриш чоралари қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий санкцияларни мустақил равишда қўллаш имконияти назарда тутилмоқда.

Бундай механизмлар бозор иштирокчиларининг масъулиятини ошириш ва белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

 

Халқаро молия бозорлари билан интеграция

Янги тартибга солишнинг муҳим қисми Ўзбекистон капитал бозорини халқаро молия тизимига янада интеграция қилиш ҳисобланади.

Қонунда резидент эмитентларнинг хорижий бозорларга чиқиши ва норезидентларнинг қимматли қоғозларини Ўзбекистон бозорида жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, халқаро молия институтларининг облигацияларини мамлакатда чиқариш имконияти белгиланмоқда.

Бу хорижий инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллий компанияларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда миллий капитал бозорининг очиқлигини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

 

Халқаро тажриба ва амалий воситалар

Давра суҳбати доирасида халқаро экспертлар ва молия институтлари вакиллари капитал бозорининг алоҳида воситаларини ривожлантириш бўйича амалий ёндашувларни тақдим этдилар.

Хусусан, иштирокчилар миллий валютадаги облигацияларни ривожлантириш, секьюритизация ва қопланган облигациялар, сукук, глобал депозитар тилхатлар (GDR) ва IPO, шунингдек, деривативларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Муҳокамада Осиё тараққиёт банки, IFC, БМТТД, ЕТТБ, Templeton Global Investments ва Centil экспертлари иштирок этди.

Алоҳида сессия Ўзбекистон капитал бозорини халқаро молия тизимига интеграция қилиш масалаларига бағишланди. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва "Тошкент" республика фонд биржаси вакиллари бозор инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро стандартлар ва янги институтларни муҳокама қилдилар.

Тадбир давомида савол-жавоб сессиялари ҳам ўтказилиб, иштирокчилар янги воситаларни амалиётга жорий этиш ва капитал бозорини ривожлантиришнинг кейинги йўналишлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Халқаро давра суҳбати давлат органлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, экспертлар ва бозор иштирокчилари ўртасида янги тартибга солишни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон капитал бозорини янада ривожлантириш масалалари бўйича тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилди.