Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида “Капитал бозори тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Журналистлар саволларига Капитал бозорини ривожлантириш департаменти бошлиғи С.М. Худайбердиев, Капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи С.П. Торешов, Капитал бозори экотизимини ривожлантириш ва регуляторлик инновациялари бўлими бошлиғи В.А. Ли ва бошқалар жавоб бердилар.
"Мазкур Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–22-сон Фармони ҳамда 2024 йил 4 мартдаги ПҚ–109-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мақсадида ишлаб чиқилди.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида капитал бозорини иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институтсионал устун сифатида белгилаб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозоримизга олиб кириш, бунинг учун халқаро молия ташкилотлари билан ишлаб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиш вазифаси белгилаб берилган эди", – дея таъкидлади кириш сўзида С.М. Худайбердиев.

Тадбир давомида Капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи С. Торешов қонун лойиҳасининг асосий қоидалари, капитал бозорини янада ривожлантириш, инвесторлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда бозор фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада капитал бозорининг асосий кўрсаткичларида барқарор ўсиш кузатилди. Жумладан, акциялар эмиссияси ҳажми 2023 йилдаги 189,7 трлн сўмдан 2025 йилда 265,1 трлн сўмга етган, 2026 йил 1 июль ҳолатига эса 269,4 трлн сўмни ташкил этган. Корпоратив облигациялар эмиссияси 2023 йилдаги 1,06 трлн сўмдан 2025 йилда 3,93 трлн сўмга етган ва 2026 йил 1 июль ҳолатига 7 трлн сўмдан ошган. Фонд биржасидаги умумий савдолар ҳажми эса 2023 йилдаги 2,9 трлн сўмдан 2025 йил якунига кўра 17,6 трлн сўмга, яъни қарийб 6 баробарга ошган.
“Табиийки, эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, капитал бозорини янада тизимли ривожлантириш учун мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш зарурати юзага келди. Айнан шу мақсадда “Капитал бозори тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди”, – деди С. Торешов.
Янги қонун лойиҳаси 16 та боб ва 123 та моддадан иборат бўлиб, 2015 йилдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун нормаларини замонавий бозор талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан тубдан қайта кўриб чиқиш асосида ишлаб чиқилган. Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (IOSCO), АҚШ Савдо вазирлиги ҳамда Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланган.
Қонун лойиҳасининг муҳим янгиликларидан бири капитал бозори молиявий воситалари турларини кенгайтиришдан иборат бўлди. Жумладан, ҳосила молиявий воситалари – опцион, своп, фьючерс, форвард ва нархлар фарқи шартномаси, қопланган облигациялар, секьюритизацияланган облигациялар, барқарор ривожланиш облигациялари ҳамда ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини чиқаришни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш назарда тутилган.

“Ушбу воситаларнинг ҳар бири инвесторларга рискни бошқариш ва портфелини диверсификация қилиш борасида қўшимча имкониятлар яратади”, – таъкидлади бошқарма бошлиғи.
Замонавий молиявий воситаларни жорий этиш орқали 2030 йилга қадар фонд бозорига 10 трлн сўм миқдорида инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида капитал бозорига узоқ муддатли институционал ва хусусий инвесторларни жалб этишни рағбатлантиришга қаратилган солиқ имтиёзлари ҳам назарда тутилган. Хусусан, айрим инвестиция фондлари даромадларини, қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар бўйича айрим операцияларни солиққа тортишдан озод қилиш, шунингдек, 2038 йилгача хўжалик жамиятлари облигациялари ва сукук қимматли қоғозлари бўйича айрим даромадларга солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилган.
Матбуот-анжуманида ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасида сукукнинг ҳуқуқий хусусиятлари, уларни чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари, шунингдек, шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукукларининг асосий турларини тартибга солиш назарда тутилган. Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида сукук эгалари вакили институти ҳамда сукукнинг ислом молияси стандартларига мувофиқлигини тасдиқлаш механизми жорий этилиши белгиланган.
Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим йўналиши капитал бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва профессионал иштирокчилар фаолиятини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришдан иборат бўлди. Жумладан, кастодиан фаолиятини лицензиялаш, рейтинг агентликлари, бошқарув компаниялари ва инвестиция фаолиятини амалга оширувчи фондлар фаолиятини рухсатнома асосида тартибга солиш, марказий контрагент институтини жорий этиш, ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар ва «облигация эгалари вакили» институтларини ташкил этиш, шунингдек, инвесторларни, жумладан, «малакали инвесторлар»ни тоифалаш назарда тутилган. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
“Юқорида қайд этилган янгиликларнинг барчаси, якуний ҳисобда, мамлакатимиз капитал бозори инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш ва хорижий инвесторлар учун бозорнинг шаффофлиги ҳамда ишончлилигини оширишга қаратилган”, – деди С. Торешов.

Шунингдек, қонун лойиҳасида капитал бозорини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини IOSCO халқаро стандартларига мувофиқлаштиришга алоҳида ўрин берилган. Ваколатли органнинг назорат ваколатларини кенгайтириш, молиявий санкцияларни мустақил қўллаш ҳамда қонунчиликда белгиланган ҳолларда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш имкониятларини яратиш назарда тутилган. Мазкур чоралар қоидабузарликларнинг олдини олиш ва уларга ўз вақтида муносабат билдириш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон ҳудудида халқаро молия институтларининг облигацияларини чиқариш имконияти, шунингдек, маҳаллий компанияларнинг хорижий капитал бозорларига чиқиши учун шарт-шароитлар яратиш қонунчилик даражасида мустаҳкамланмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиётига қўшимча инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, аҳоли ва бизнес учун янги молиявий имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.