Янгиликлар
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Binance крипто-биржаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мижозларга хизмат кўрсатиш масаласи юзасидан тегишли келишувга эришдилар
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринда – Агентлик) энг йирик крипто-биржаларидан бири – Binance томонидан Ўзбекистон Республикаси фойдаланувчиларига (резидентларига) хизмат кўрсатиш масаласини ҳал қилди.
Мамлакатимиз ҳудудида Binance крипто-биржаси ўз фаолиятини қонунчилик билан белгиланган тартибда маҳаллий “CoinPay” МЧЖ орқали амалга оширишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун: “COINPAY” МЧЖ крипто-активлар айланмаси соҳасида расмий хизмат кўрсатувчи провайдер бўлиб, у крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияларга эга.
Ўзбекистон Республикаси резидентлари Binance платформасига “COINPAY” МЧЖнинг тегишли ресурслари (coinpay.uz) орқали киришларига имконият берилади. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ўз маблағларини банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали миллий валютада киритиш ҳамда чиқариш имкониятига эга бўладилар.
Тизимни ишга тушириш, ҳамкорлар платформаларининг барча модуллари, жумладан, миллий тўлов тизимлари билан интеграциялашганидан сўнг амалга ошириш режалаштирилган. Тизимнинг ишга туширилиши ҳақида ҳамкорларнинг расмий ресурсларида (CoinPay и Binance) қўшимча равишда эълон қилинади.
2024 йилнинг январь ойида Агентлик томонидан Binance крипто-биржасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, хусусан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлиги учун жарима қўллаш ҳақидаги қарор қабул қилинган эди. Шундан сўнг, тегишли даъво аризаси Тошкент шаҳар иқтисодиёт судига юборилган.
2024 йилнинг 26 мартидан 7 июнига қадар жавобгар (Binance крипто-биржаси) вакили иштирокида давом этган суд жараёнлари якунига кўра, суд Агентликнинг аризасини тўлиқ қондириш ҳамда крипто-биржадан 300 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган жаримани Ўзбекистон Республикаси бюджетига белгиланган тартибда ундириш ҳақида қарор қабул қилган.
Binance крипто-биржаси суднинг барча талабларини бажарганлигини ҳамда жаримани қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат бюджетига тўлиқ тўлаганлигини таъкидлаш жоиз.
Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарорининг 3-банди “д)” кичик бандига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари лозимлигини эслатиб ўтади.
Шу муносабат билан, фуқароларни қонун талабларига риоя қилишга ва крипто-активлар билан операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширишга қатъий чақирамиз.
Шунингдек, эслатиб ўтамиз, крипто-активларни сотиб олиш объекти сифатида ишлатиш ва бунинг оқибатлари харидорнинг шаҳсий танловидир.