logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентлик “Binance” крипто-биржасига жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилди

04.01.2024
4206

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (кейинги ўринларда – Қонун) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон Қарорига мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

“Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомга (рўйх. рақ. 3380, 15.08.2022 й.) (кейинги ўринларда – Низом) асосан лицензия талаблари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларининг фаолияти шартлари белгиланади.

Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик халқаро крипто-биржалар ва бошқа электрон платформалар, шу жумладан “Binance” крипто-биржаси фаолиятини крипто-активлар айланмаси соҳасидаги лицензиялаш талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширди.

Қуйидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги Агентлик томонидан аниқланди:

– Ўзбекистон Республикаси фуқароларига крипто-активлар билан боғлиқ операциялар бўйича хизматлар кўрсатилганлиги ҳақида тасдиқланган фактлар мавжудлиги;

– “Binance” платформасида операциялар аноним крипто-активлар, шунингдек, жиноий йўл орқали олинган крипто-активлар ва маблағлар (ўғирлик, фирибгарлик ва бошқалар) билан амалга оширилиши;

– компания юридик шахс – Ўзбекистон Республикасининг резиденти эмаслиги;

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда электрон платформа мавжуд эмаслиги;

– Ўзбекистон Республикасининг крипто-активлар айланмаси соҳасидаги, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, шунингдек шахсий маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилмаётгани;

– хизматлар провайдерларининг устав жамғармасида (капиталида) Низомнинг 9-банди “з)” хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг ҳамда оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этишига йўл қўймаслик ҳақидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслиги;

– бир қисми Ўзбекистон Республикаси тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда сақланиши зарур бўлган устав жамғармаси (капитали) мавжуд эмаслиги.

Аниқланган қоидабузарликлар асосида крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш бўйича баённома тузилиб, кўриб чиқиш ва қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўриш учун “Binance” крипто-биржасига юборилган.

“Binance” крипто-биржаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни ташкил этиш, жумладан, тегишли хизмат кўрсатувчи провайдер лицензиясини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилмаган.

Шу муносабат билан, Агентлик Қонунга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробари миқдорида жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилиб, уни “Binance” крипто-биржаси ва компания рўйхатдан ўтган юрисдикция регуляторига юборди.

Маълумот учун: “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 55-моддасига мувофиқ, жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, ваколатли орган жаримани ундириш тўғрисидаги аризани судга белгиланган тартибда беш иш куни ичида киритади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қўйидагиларни эслатади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сонли Қарорининг 3-банди “д)” хатбошисига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни 2023 йил 1 январдан бошлаб фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.