logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентлик вакиллари Истанбулда исломий молия ва яшил сукук бўйича ўқув сафарида иштирок этмоқда

20.11.2024
692

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Истанбулда Хусусий секторни ривожлантириш халқаро маркази (ISPSD) билан ҳамкорликда ташкил этилган “Туркияда исломий молия ва яшил сукук” мавзусидаги амалиёт ўқув сафарида иштирок этмоқда.

Ташриф давомида делегация Туркиянинг капитал бозорини тартибга солиш ва исломий молия каби муҳим соҳалардаги энг яхши амалиётлари билан танишади. Норматив-ҳуқуқий база, бозор амалиёти ва исломий молия соҳасида фаолият юритувчи нуфузли институтларга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, “яшил сукук”нинг меёрий-ҳуқуқий базаси, унинг халқаро тамойиллар ва стандартларга мувофиқлиги, “яшил сукук”ни чиқариш амалиёти ҳам кўриб чиқилади.

Ушбу ўқув сафарида иштирок этиш янада самарали молиявий воситалар ва стратегияларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшади, шунингдек, Туркиядаги ислом молияси ва яшил сукукни бошқариш ва тартибга солиш бўйича тажрибага эга халқаро экспертлар ва регуляторлар билан тажриба алмашиш имконини беради.

Ўзлаштирилган билим ва амалиётларни Ўзбекистонда, айниқса, исломий қимматли қоғозлар контекстида жорий этиш катта салоҳиятга эга. Шундай қилиб, делегациянинг ушбу сафарда иштирок этиши ислом молияси ва яшил сукук соҳасида барқарор ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, ўз навбатида ушбу воситаларни Ўзбекистонда муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ўзбекистонда капитал бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи бўлиб, айни пайтда агентлик томонидан “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда исломий қимматли қоғозларни назарда тутувчи “Муқобил молиявий воситалар турлари ва умумий қоидалар” деб номланган алоҳида боб киритилган.