Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги "Уй-жой ва ипотека бозорларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-26-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан Ипотека облигацияларини чиқариш соҳасида "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида Ипотека облигациялари эмиссияси ва муомаласи тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3700, 11.11.2025 йил).
.
Илгари, юқоридаги Фармон ижросини таъминлаш мақсадида, Агентлик томонидан Ипотека облигацияларини чиқариш соҳасида "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тўғрисидаги низом тасдиқланган эди (2025 йил 14 июлдаги 3648-сон рўйхат).
Фармонга мувофиқ, тартибга солиш қумдони доирасида "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" АЖ томонидан ташкил этилган махсус ваколатли ташкилот республиканинг бешта банки томонидан берилган ипотека кредитларини секьюритизация қилиш асосида 1 трлн. сўмлик ипотека облигацияларини синов тариқасида чиқаришни амалга оширади.
Тасдиқланган Вақтинчалик низом:
- секьюритизация жараёнларини;
- секьюритизация учун пулга киритиладиган ипотека кредитларига қўйиладиган талабларни;
- ипотека облигацияларини чиқариш ва уларнинг муомаласи, шу жумладан РЕПО операцияларини амалга ошириш тартибини;
- банк-оригинаторлар, махсус ваколатли ташкилот, "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" АЖ, ваколатли орган (Агентлик), Марказий депозитарий ва секьюритизация битимининг бошқа иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини батафсил тартибга солади.
Секьюритизацияга асосланган ипотека облигациялари республика капитал бозорида янги восита бўлиб, у банкларга берилган ипотека кредитларини кредитлаш фаолиятини кенгайтириш учун бозор молиявий ресурсига айлантириш орқали хатарларни қайта тақсимлаш ва ликвидликни озод қилишда ёрдам беради.
МАЪЛУМОТ УЧУН: HSBC Asset Management маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёда уй-жой ипотека облигациялари бозори умумий ҳажм тахминан 920 млрд. долларни ташкил этади, шу жумладан:
- АҚШда - 653 млрд. доллар;
- Австралияда - 129 млрд. доллар;
- Европада - 64 млрд. доллар;
- Буюк Британияда - 74 млрд. доллар.
Ипотека облигацияларини чиқариш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш миллий капитал бозорини ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, янги молиявий воситани синовдан ўтказиш ва кейинчалик уни кенг қўллаш учун шароит яратади.
Идоравий мансуб ташкилотлар