Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 19 июндаги 08-сон буйруғи билан Қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига доир ишларни кўриб чиқиш ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3655, 2025 йил 30 июль) (кейинги ўринларда – Низом).
Низом ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, кўриб чиқиш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, бозор субъектларига нисбатан жазо чораларини қўллашнинг комплекс тартибини белгилайди.
Низомда қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларига нисбатан санкциялар қўлланилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Иштирокчиларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилиши мумкин.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ишларни кўриб чиқиш ва санкцияларни қўллаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик белгилари аниқланганда ишлар ўрнатилган тарибда судлар томонидан кўриб чиқилади.
Низом билан ишни кўриб чиқиш учун асос бўлувчи ҳолатлар рўйхати белгиланмоқда, ушбу рўйхтга: фуқаролар, юридик шахсларнинг аризалари ва шикоятлари, текшириш ва ҳисобот материаллари, оммавий ахборот воситалари хабарлари ва бошқа маълумот манбалари киради.
Ишни кўриб чиқиш учун комиссия тузилади, унинг таркиби Агентлик раҳбарияти томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибга Агентлик ходимлари, давлат органлари ва профессионал бирлашмалар вакиллари кириши мумкин. Зарур ҳолларда комиссия банкларга оид ишларни кўриб чиқишда Марказий банк билан келишилган ҳолда экспертларни жалб этишга ҳақли. Комиссия ишни бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтириш имконияти билан бир ой муддатда кўриб чиқади.
Низомда ишнинг барча иштирокчилари, жумладан, жавобгарликка тортилувчи шахс, аризачилар, экспертлар ва гувоҳлар хабардор қилиниши шартлиги ва комиссия мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилган. Шунингек иштирокчиларнинг иш материаллари билан танишиш, далилларни тақдим этиш, муҳокамада иштирок этиш ва комиссия қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланган. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича комиссия қуйидаги қарорларни қабул қилиши мумкин:
– қоидабузарликларни бартараф этиш;
– лицензиянинг амал қилишини ёки алоҳида операцияларни тўхтатиб туриш;
– ишни судга ёки бошқа органларга юбориш;
- иш юритишни тугатиш.
Қарор ва кўрсатмалар устидан судга шикоят қилиш мумкин. Судга мурожаат қилганда низоли қарор ёки кўрсатма ижроси суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар тўхтатиб турилади.
Қоидабузарлар қоидабузарлик аниқланган пайтдан бошлаб уч йил давомида жавобгарликка тортилиши мумкин.
Кўрсатмалар бир ой ичида бажарилиши лозим. Бозор иштирокчилари қоидабузарликларни бартараф этишлари ва ушбуни тасдиқловчи далилларни тақдим этишлари шарт. Илтимоснома асосида кўрсатма ижросини муддати узайтирилиши мумкин.
Низом соҳада ҳуқуқий интизомни кучайтириш, шаффофликни ошириш ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши билан аввал амалда бўлган “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилишига доир ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги низом (рўйхат рақами 1131, 2002 йил 23 апрель) ўз кучини йўқотади.
Идоравий мансуб ташкилотлар