Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.


ИЛМА вакиллари Ўзбекистонда ислом молияси ва капитал бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган IFN Uzbekistan Forum 2026 халқаро форумида иштирок этдилар.
Форум Ислом тараққиёт банки ташаббуси билан RedMoney компанияси томонидан Ўзбекистон банклари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди ҳамда молия сектори вакиллари, давлат органлари ва халқаро экспертлар ўртасида профессионал мулоқот учун муҳим платформа бўлди.
Дастур доирасида иштирокчилар мамлакатда ислом молияси тизимини барқарор ва рақобатбардош ривожлантиришга қаратилган қатор масалаларни муҳокама қилдилар, жумладан:
- ислом молиясининг норматив-ҳуқуқий базасини ривожлантириш;
- ислом банкинги экотизимини шакллантириш ва мустаҳкамлаш;
- миллий капитал бозорида сукук чиқариш ва муомалага киритиш истиқболлари;
- Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти ва унинг минтақадаги ўрни;
- ислом молиясида рақамли технологиялар ва финтех ечимларини жорий этиш.
Форумда халқаро экспертлар, инвестиция институтлари, рейтинг агентликлари ҳамда давлат органлари вакиллари маъруза қилдилар, бу эса муҳокамаларнинг комплекс ва амалий йўналишда олиб борилишига хизмат қилди.
“Капитал бозори тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида ислом қимматли қоғозлари – сукукка бағишланган алоҳида боб назарда тутилган. Бу принципиал аҳамиятга эга янгилик бўлиб, сукук миллий капитал бозорининг тўлақонли инструменти мақомини олади, эмитентлар ва инвесторлар эса зарур ҳуқуқий аниқликка эга бўлади", – деди ўз маърузасида ИЛМА Капитал бозорини ривожлантириш департаменти бошлиғи Саибжан Худайбердиев.
Тадбирда 15 та давлатдан 200 га яқин делегат, жумладан тижорат банклари, молия ташкилотлари, халқаро тараққиёт институтлари ва давлат тузилмалари вакиллари иштирок этдилар.
Форумнинг ўтказилиши Ўзбекистонда ислом молиясига бўлган юқори қизиқишни яна бир бор тасдиқлади ҳамда ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, инвестицион инструментларни кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатди.
Идоравий мансуб ташкилотлар