Янгиликлар
Фуқароларнинг суғурта товонини тўлаш бўйича мурожаатлари билан ишларни такомиллаштириш
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида суғурта ташкилотлари вакиллари иштирокида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишларни такомиллаштиришга бағишланган учрашув ташкил этилди.
2024 йилнинг I-чорагида жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 592 та мурожаатлар рўйхатга олинган бўлиб, шундан 16 таси юридик шахслар ва 1 576 та жисмоний шахслардан. Мурожаатларни 828 таси ихтиёрий суғуртага, 742 таси мажбурий суғурта турлари ва 22 таси эса бошқа масалаларга оид.
Агентлик аралашуви билан суғурта ташкилотлари томонидан 604 та мурожаат ижобий хал қилинган бўлиб, ўз вақтида тўланмасдан келинаётган ҳолатлар бўйича 9, 9 млрд. сўм миқдорида суғурта қопламаси тўлаб берилиши таъминланди. Мурожаатларнинг 673 таси даги масала ва муаммолар юзасидан эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва қолган 305 та мурожаатлар кўриб чиқиш жараёнида.
Йиғилишда суғурта ташкилотларида фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, Агентлик вакиллари суғурта ташкилотлари фаолиятини ўрганиш натижасида суғурталовчилар ва фуқаролар ўртасидаги низоларни ҳал этишда тизимли муаммолар мавжудлиги, жумладан, аризаларни кўриб чиқиш ва суғурта товонини тўлашда кечикишлар мавжудлигини алоҳида таъкидладилар. Шу муносабат билан, бир қатор суғурта ташкилотлари раҳбарларининг муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахбороти тингланди.
2024 йил 1 март куни қабул қилинган “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори талабларига мувофиқ Агентлик томонидан суғурта даъволари ижроси юзасидан электрон мониторинг тизими юритилиб, мазкур тизим мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатларини тезкорлик билан аниқлайди.
Суғурта ташкилотлари вакиллари белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган ёки тўланмаган ҳар бир суғурта даъвоси учун суғурта ташкилотига жарима ундирилиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ишлар ташкилот даражасида, яъни тартибга солувчи органгача етказилмасдан, тезкорлик билан ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, суғурта хизматлари сифати бўйича суғурта ташкилотлари фаолияти рейтинги юритилиши бўйича тушунтиришлар берилди.