Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), “Эффект Макаренко” телеграм-каналида эълон қилинган суғурта соҳасига оид материаллар юзасидан қуйидагиларни хабар қилади.
I. Қонунчиликда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 1 мартдаги ПҚ-108-сон қарори ТВЭФЖМСҚ бўйича суғурта тарифларини актуар ҳисоб-китобларга асосан қайта кўриб чиқишни назарда тутади (амалда бажарилган);
– Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 1 мартдаги ПҚ-108-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 458-сон қарорида:
а) Агентликнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ЯААТ) мавжуд амалдаги мажбурий суғурта полислари тўғрисидаги маълумотларнинг “Электрон ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этилиши (амалда бажарилган);
б) 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ЯААТда расмийлаштирилган суғурта полислари бўйича суғурта мукофотлари учун тўловларни марказлашган ҳолда ҳисоб-китоби Ягона суғурта биллинг тизими орқали юритилишини таъминлаш юзасидан топшириқлар белгиланган.
Бундан ташқари, электрон ахборот алмашинуви шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда, шунингдек, суғурта полиси эгалари ва жабрланувчилар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан амалга оширилади.
II. Суғурта ҳодисалари бўйича аризаларни электрон шаклда юбориш тизимини жорий этиш йўналишида:
1) суғурта бозорини тартибга солиш Агентликка ўтказилгандан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали суғурта полисларини сотиб олиш ва барча турдаги суғурта шартномалари бўйича суғурта ҳодисалари юзасидан даъволарни тақдим этиш хизмати тўлиқ йўлга қўйилган;
2) суғурта хизматлари истеъмолчилари учун қулайлик яратиш мақсадида ички ишлар органлари ходимларининг иштирокисиз берилган йўл-транспорт ҳодисалари (Европротокол), шунингдек, бошқа мажбурий ва бошқа суғурта турлари бўйича суғурта даъволари ҳақидаги билдиришномаларни онлайн юбориш ва кўриб чиқиш имкониятини берувчи “Sug‘urta servis” мобил иловаси ишга туширилди.
III. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган меъёрлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сон қарори 4-иловаси билан тасдиқланган Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларга асосан жабрланувчи (унинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари) суғурталовчига суғурта товони тўлаш тўғрисида ёзма ёки электрон равишда мурожаат қилиши мумкин.
Бунда, суғурталовчига мурожаат қилишда:
– суғурта ҳодисаси содир бўлганда ҳайдовчилар томонидан мустақил тузилган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани (европротокол асослари мавжуд бўлганда) ёки давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини жалб қилиш орқали расмийлаштирилган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хулоса ёки қарорни;
– ҳолатга кўра мол-мулкка ёки/ва ҳаётга ёки соғлиққа зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларни (тиббиёт муассасаси маълумотномаси ёхуд ҳаётга ёки соғлиққа зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, ўлим ҳақидаги далолатнома ёхуд гувоҳнома, мол-мулкни мустақил баҳолаш далолатномаси) илова қилиниши лозим.
Бунда, қайд этилгандан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани (европротокол) “Sug‘urta servis” мобил иловаси орқали электрон шаклда расмийлаштириш имконияти мавжуд.
IV. Юқоридагиларга асосланиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фуқаролар юқорида айтиб ўтилган электрон платформалар ва мобил иловаларни ўз ичига олган алоқа каналлари орқали электрон тарзда суғурталовчиларга мурожаат қилишлари мумкин.
Суғурта даъволарини кўриб чиқишда зарур бўлган бошқа маълумотларни тегишли ваколатли органлардан электрон шаклда айирбошлаш механизмини босқичма-босқич жорий этиш устида Агентлик тегишли ишларни олиб бормоқда, бунда ариза берувчи томонда зарур маълумотлар (ҳужжатлар)нинг электрон шаклланиши имкониятининг мавжудлиги ҳисобга олинади.
Зарур жараёнлар ва маълумотларни узатиш учун ҳуқуқий асослар яратилгандан сўнг, фуқаролар ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига риоя қилган ҳолда тегишли идентификаторларни тақдим этиш орқали ҳужжатларни тақдим этмасдан суғурта даъволарини юборишлари мумкин бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг якунига кўра, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 27 мингдан ортиқ суғурта даъволари бўйича жами 245,2 миллиард сўмлик суғурта товонлари тўлаб берилган.
Бундан ташқари, юқорида келтирилган материалларда муаллиф ваколатли давлат органи томонидан "Ўзбекинвест" АЖ суғурта компаниясига чиқарилган постлар юзасидан босим ўтказилганлигини айтиб ўтган.
Агентлик расман "Ўзбекинвест" АЖ суғурта компаниясига ҳеч қандай босим ўтказмаганлигини маълум қилади.
Шу муносабат билан, Агентлик ушбу материалларда келтирилган маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва жамоатчиликни чалғитувчи деб топиб, Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни 34-моддасига мувофиқ раддия эълон қилинган ҳолда уни олиб ташлаш зарур, деб билади.
Агентлик оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан келгусида суғурта фаолиятини тартибга солиш бўйича мавжуд бўлган барча маълумотларни ҳиссиётларга берилмасдан диққат билан ўрганиб чиқиб, шундан сўнггина ватандошларимизга ишончли, аниқ ва тўлиқ маълумотларни тақдим этишларини сўраб қолади.
Идоравий мансуб ташкилотлар