Янгиликлар
“Citigroup” вакиллари билан капитал бозори соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган учрашув
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида “Citigroup” банкининг Шимолий Африка ва Марказий Осиё бўйича бош ижрочи директори Омар Хафиз бошчилигидаги делегация билан капитал бозори соҳасида ҳамкорлик қилиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Агентлик томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини жорий этилгани ҳамда “Капитал бозори тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
“Citigroup” вакилларида валюта ва қимматли қоғозлар бозорларига дериватив воситаларни тартибга солиш ва жорий этиш бўйича кейинги режаларга айниқса қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, меҳмонларга Агентлик томонидан ишлаб чиқилган чет эллик инвесторларни маҳаллий бозорга жалб қилишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.