logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ахборот хабари

11.06.2024
13672

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдер сифатида фаолият юритиш учун лицензия олиш зарурати билан боғлиқ мурожаатлар кўпайиб бораётганлиги муносабати билан, қўйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуни (кейинги ўринларда – Қонун) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турларига майнинг ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар фаолияти (кейинги ўринларда — хизматлар провайдерлари) киради.

Ўз навбатида, хизмат кўрсатувчи провайдерлар турлари сифатида “крипто-биржа”, “майнинг-пул”, “крипто-депозитарий” ва “крипто-дўкон” белгиланган.

Хизматлар провайдерлари фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахслар бўлиши мумкин. Улар жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматлар кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3832-сон Қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

Миллий хизмат провайдерларининг электрон реестрига ҳавола –https://napp.uz/uz/pages/erlsp.

Миллий провайдерлар орқали крипто-активларни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган ёки сотаётган жисмоний ёки юридик шахслар учун лицензия ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжат талаб қилинмайди.

Агар сиз Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат кўрсатувчи провайдер сифатида фаолият юритиш учун лицензия олмоқчи бўлсангиз, хизмат кўрсатувчи провайдерлар, унда лицензия олиш учун давлат божи миқдори ва хизмат кўрсатувчи провайдерлар учун ойлик тўловлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган https://napp.uz/uz/pages/service-providers ҳаволасидаги босқичма-босқич инструкция билан танишиб чиқишингизни сўраймиз.

Агентлик, шунингдек, харид қилиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ва шунга мос равишда, бу танловнинг оқибатлари харидорнинг шахсий таваккалчилиги эканлигини эслатади.

Шу муносабат билан, Агентлик фуқароларни огоҳ бўлишга ва крипто-активлар билан боғлиқ фирибгарлик схемалари, “молиявий пирамидалар” ва турли “фирибгарлик лойиҳалари”дан эҳтиёт бўлишга, шунингдек, крипто-активлар билан боғлиқ операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширишга чақиради (электрон реестрга ҳавола юқорида келтирилган).