Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ходимлари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида ЕХҲТ Иқтисодий ва экологик фаолият координатори бюроси (ИЭФКБ) томонидан ташкил этилган «Марказий Осиёда виртуал активлар билан боғлиқ пул ювиш хавфларига қарши стратегик ва тезкор чораларни кучайтириш» мавзусидаги минтақавий конференцияда иштирок этмоқдалар.
Конференция давомида виртуал активлар соҳасидаги иқтисодий жиноятларга қарши курашишдаги халқаро стандартлар, тартибга солинадиган виртуал активлар хизматларини кўрсатувчи провайдерларнинг устуворлиги, сектордаги хавфларни баҳолаш, тушуниш ва камайтириш масалалари Грузия Миллий банки мисолида муҳокама қилинмоқда.
Бундан ташқари, минтақавий мулоқот Марказий Осиёда виртуал активлар билан боғлиқ молиявий жиноятларга қарши курашишда трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган. Мунозара иштирокчилари крипто-активлар соҳасида ҳамкорлик қилиш учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ишчи гуруҳини ташкил этиш имкониятларини, маълумот алмашиш ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш йўлларини, шунингдек, ЕХҲТ кўмагида кейинги минтақавий ишлар учун устувор йўналишларни белгилашни муҳокама қиладилар.
Конференцияда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ҳам иштирок этмоқда.


Идоравий мансуб ташкилотлар