Янгиликлар
Агентлик вакиллари “Ўзбекистон Республикаси капитал бозори” V халқаро конференцияда иштирок этдилар
“Ўзбекистон Республикаси капитал бозори” V халқаро конференциясида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари сўзга чиқди.
Анжуманнинг панель муҳокамаларида Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Беларус, Қирғизистон ва Арманистондан тартибга солувчи органлар, маҳаллий банклар, инвестисия компаниялари, ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари, инфратузилма компаниялари вакиллари иштирок этди.
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ўзининг табрик сўзида таъкидлади: “Кўпчиликка маълумки, жорий йилнинг 2 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Капитал бозорини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди”.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан солиқ имтиёзлари, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш, бозор иштирокчилари учун ортиқча талабларни истисно қилишни ҳамда “Тартибга солиш қумдони” махсус режимини назарда тутувчи қатор нормалар ва капитал бозорини ривожлантиришнинг 2023-2025-йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Албатта, мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштирилаётгани, инвестицияларни жалб этишнинг замонавий шакл ва усуллари жорий этилаётгани, мустақил тартибга солувчи орган яратилаётгани ҳақида далолат бериб, энг муҳими, давлат раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фуқаролар фаровонлигини ошириш йўлида капитал бозорини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришдаги кучли сиёсий иродасини яна бир бор тасдиқлайди.
Қайд этиш жоизки, бу Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини тартибга солувчи орган сифатида оммавий тадбирда илк бор иштирок этишидир.