Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Тошкент шаҳрида Жаҳон банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ҳамкорлигида «Elevate Global Access Through E-commerce (E-GATE): Global Exchange and Regional Integration in West Africa and Central Asia» мавзусида иккинчи ёпиқ юқори даражадаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти, шунингдек, Марказий Осиё ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак кириш сўзида Ўзбекистонда электрон тижорат соҳаси жадал суръатларда ривожланаётганини таъкидлаб, унинг иқтисодиёт ва замонавий ижтимоий жараёнларни трансформация қилишдаги муҳим ўрнига алоҳида тўхталди. Шунингдек, электрон тижоратнинг ривожланиши бизнес учун янги имкониятларни яратиши, янги иш ўринларини ташкил этиши, товар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши ҳамда мамлакат иқтисодий ўсишини рағбатлантириши қайд этилди.

Давра суҳбати доирасида Агентликнинг электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасининг жорий ҳолати ва истиқболларига бағишланган маъруза билан иштирок этди. Тақдимот давомида соҳани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, норматив-ҳуқуқий базада кутилаётган ўзгаришлар ҳамда бозорнинг барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар электрон тижорат соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, мавжуд чақириқлар ҳамда Ўзбекистонда электрон тижорат экотизимини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
