Янгиликлар
Агентлик ва ОТБ вакиллари учрашуви
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида (Агентлик) Осиё тараққиёт банки (ОТБ) молия сектори ваколатхонаси директори Моҳд Сани Моҳд Исмоил бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агентлик ва ОТБ ўртасида Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Хусусан, Молия бозорини ривожлантириш дастури (FMDP) нинг иккинчи кичик дастурини амалга ошириш ва “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
ОТБ вакиллари капитал бозори соҳасидаги ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга қизиқиш билдирдилар.
Шу муносабат билан, Агентлик томонидан яшил/ ESG-облигацияларини жорий этиш, шахсий инвестиция ҳисобрақамларини имплементация қилиш ва уларга тегишли маблағларни ҳисобга олиш тартиби, шунингдек инвестиция фондлари, пай фондлари, ETF ларни ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани яратиш ҳамда молиявий саводхонликни ошириш масалалари юзасидан ҳамкорликни ўрнатиш таклиф этилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар белгиланган йўналишлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар ва келгусидаги амалий ҳамкорлик форматини келишиб олдилар.