logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентлик делегацияси İOSCO семинарида иштирок этмоқда

05.03.2024
1296

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) делегацияси Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (İOSCO) томонидан Уммон капитал бозори бошқармаси (УКББ) билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларда ривожлантиришга бағишланган ўқув семинарида иштирок этмоқда. Тадбир жорий йил 5-6 март кунлари Маскат шаҳрида (Уммон Қироллиги) бўлиб ўтмоқда.

Семинарда Грузия, Замбия, Индонезия, Иордания, Испания, Италия, Нигерия, Уммон, Камбоджа, Кения, Словения, Таиланд, Шри-Ланка ва бошқа, жами 22 давлатнинг тартибга солиш органлари ихтисослаштирилган бўлинмалари раҳбарлари қатнашаяптилар.

İOSCO нинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги тамойиллари ва методологияси муҳокамаси семинар дастуридан жой олган. Иштирокилар, шунингдек, бозор регуляторларининг хеджлаш соҳасидаги фундаментал функцияларни бажаришини таъминлаш, шунингдек, манипуляция ва фирибгарлик схемаларидан ҳимоя қилиш бўйича ўз амалиётлари ва тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

Амалий сессия иштирокчилари назорат, ошкоралик, бозор манипуляцияси ва инсайдер савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш каби мавзуларни алоҳида муҳокама қиладилар.

Семинар якунлари бўйича қимматли қоғозлар бозорини назорат қилиш имконини берувчи инновацион техникани жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги қонунчилик нормалари бузилишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш чораларини кўриш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилади.

Агентлик делегациясининг иштироки хорижий давлатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва йўлга қўйиш, шунингдек, капитал бозорини тартибга солиш бўйича илғор хорижий тажриба билан танишиш ва ўрганишга қаратилган.

Маълумот учун: Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (İOSCO) қимматли қоғозлар бўйича жаҳон регуляторларини бирлаштирган халқаро орган бўлиб, қимматли қоғозлар сектори учун стандартларни белгиловчи, жаҳон миқёсида тан олинган глобал орган ҳисобланади. 1974 йилда ташкил этилган мазкур ташкилот қимматли қоғозларни тартибга солиш бўйича халқаро эътироф этилган стандартларни ишлаб чиқади, жорий қилади ва уларга риоя қилишни тарғиб қилади. Унинг аъзолари 130 дан ортиқ юрисдикцияда жаҳон қимматли қоғозлар бозорининг 95% дан ортиғини тартибга солади.