logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

2022 йил якунига бағишланган матбуот анжумани

01.02.2023
534

2023 йил 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) 2022 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, директор ўринбосари Даврон Максудов, крипто-активлар айланмасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Аскар Закиров, лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнлари бўлими бошлиғи Нодиржан Джураевлар Агентлик томонидан 2022 йилда эришилган натижалар ва яқин истиқболдаги режалар ҳақида маълумот бердилар.

Вячеслав Пак ўзининг кириш сўзида қуйидагиларни таъкидлади:

“2022 йил Агентлигимиз тарихида янги босқич бўлди. Хабарингиз бор, 2022 йил апрель ойи охирида Президентимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович қарори билан Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги этиб қайта ташкил этилди.

Ушбу ўзгариш Агентликнинг вазифалари ва функцияларини оптималлаштириш ҳамда келажакда иқтисодиётнинг истиқболли   тармоқларидан бири сифатида крипто-активлар айланмасини ривожлантиришга тўлиқ эътибор қаратиш имконини берди.

Агентлик томонидан қисқа вақт ичида крипто-активлар айланмаси соҳасида бизнес юритиш учун институционал базани кенгайтириш ва шарт-шароитларни яхшилаш, ушбу соҳани жадал ривожлантириш учун қатор илғор ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди”.

Агентликнинг давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусларини амалга ошириш натижасида миллий крипто-бозорнинг институционал тузилмаси яратилди ва кенгайтирилди, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялашнинг янгиланган тизими жорий этилди ва майнинг билан шуғулланишнинг умумий қоидалари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-121-сон Фармонини бажариш мақсадида 2022 йил давомида қуйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди:

– Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3380);

– Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3379);

– Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 сентябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3388);

– Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 31 октябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3395);

– Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 ноябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3397);

– Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида («Тартибга солиш қумдони» махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ (Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 30 декабрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3409).

Амалга оширилган ташаббуслар натижасида крипто-активлар миллий бозори институционал жиҳатдан, хусусан хизматлар провайдерларининг янги турларини жорий этиш ҳисобига кенгайтирилди. Жумладан, тўртта крипто-дўконга фаолиятни амалга ошириш учун лицензия берилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур ташкилотлар МДҲ ва Марказий Осиёдаги илк қонуний крипто-дўконлар бўлди.

Лицензиялаш тизимини янгилаш ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимларни тўлаш тизимини жорий этиш натижасида бюджетга қўшимча 3,5 миллиард сўм маблағ жалб этилди.

Агентлик вакиллари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар талабларига риоя этилишини таъминлаш (ФАТФ тавсиялари), инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш ва крипто-активлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш Агентлик фаолиятининг алоҳида устувор йўналиши эканини таъкидладилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон крипто-компаниялар фаолиятини амалга ошириш учун меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилган, соҳани тартибга солувчи ягона регулятор белгиланган, «тартибга солиш қумдони»даги пилот лойиҳаларга банк хизматларини кўрсатиш ҳамда уларнинг апробацияси йўлга қўйилган, солиқ имтиёзлари ва қатор преференциялар тақдим этилган уникал платформага айланди.

Агентлик томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.