Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида ёшларга замонавий технологиялардан хавфсиз ва самарали фойдаланиш, киберхавфсизлик, рақамли гигиена ҳамда ахборотни саралаш кўникмаларини ўргатишга қаратилган қисқа муддатли ўқув дастури ташкил этилди.
Дастур доирасида иштирокчиларга рақамли муҳитда хавфсизликни таъминлашнинг асосий тамойиллари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетдаги таҳдидларни аниқлаш ва улардан сақланиш усуллари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ахборотнинг ишончлилигини баҳолаш, манбаларни текшириш, ёлғон ва чалғитувчи маълумотларни аниқлаш ҳамда рақамли контентдан масъулиятли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув дастури интерактив ва амалий форматда ўтказилиб, иштирокчилар замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган турли вазиятларни муҳокама қилдилар. Амалий машғулотлар орқали киберхавфсизлик ва рақамли гигиена бўйича кундалик ҳаётда қўллаш мумкин бўлган кўникмалар шакллантирилди.
Бундай ўқув дастурларини ташкил этиш ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, ахборот маконида хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда замонавий технологиялардан онгли ва масъулиятли фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.