Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида ёшлар учун ердан фойдаланиш ҳуқуқи, қишлоқ хўжалиги кредитлари ва субсидиялар олиш тартиблари бўйича махсус ҳуқуқий семинар ташкил этилди.
Семинар давомида иштирокчиларга ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг ҳуқуқий асослари, қишлоқ хўжалиги соҳасида ажратиладиган кредитлар ҳамда давлат томонидан тақдим этиладиган субсидиялардан фойдаланиш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мазкур соҳадаги амалдаги қонунчилик талаблари, давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари ва улардан фойдаланиш шартлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Семинарнинг амалий қисмида иштирокчиларга қишлоқ хўжалиги кредитлари ва субсидияларини олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, мурожаатларни тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларга тақдим этиш тартиби бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ердан самарали фойдаланиш ва мавжуд имтиёзлардан оқилона фойдаланишга оид тавсиялар тақдим этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, ҳуқуқий ва амалий масалалар юзасидан зарур тавсияларга эга бўлдилар. Семинар интерактив мулоқот шаклида ўтказилиб, иштирокчилар билан фикр алмашилди.
Бундай тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.