logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистон учун миллий яшил сукук тузилмасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш бўйича учрашув

16.10.2024
176

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида (Агентлик) БМТТД билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон учун яшил сукук миллий тузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, “Тошкент” Республика фонд биржаси вакиллари, БМТТД Истанбул Хусусий секторни ривожлантириш халқаро маркази (ICPSD) ҳамда Ислом бизнеси ва молияси экспертлари иштирок этдилар.

Учрашув амалиётчилар ва соҳа раҳбарларини яшил сукук ва унинг салоҳияти билан таништириш платформаси, шунингдек, Ўзбекистон контекстига хос амалий муаммолар ва имкониятларни тушунишга қаратилган тўғридан-тўғри амалий муҳокамалар учун ўзига хос платформа бўлди.

Маърузачилар Эвроосиё ва Яқин Шарқда яшил сукукни жорий этишнинг амалий муаммолари ва имкониятлари, ИҲТ давлатларининг илғор тажрибалари, Ўзбекистонда сукукни молиялаштириш бўйича потенциал яшил лойиҳаларни аниқлаш, Ўзбекистон шароитига хос қонунчилик ва меёрий талаблар, шунингдек, яшил сукук саноатидаги бўлғуси йўналишлар ва ҳамкорлик каби мавзуларда тақдимотлар қилдилар.

Иштирокчилар Ўзбекистонда ислом молияси ва сукук бўйича меёрий-ҳуқуқий базани яратиш борасида фикр алмашдилар, Ўзбекистонда сукук/яшил сукукни қабул қилиш, фаолият юритиш ва тартибга солишда юзага келадиган аниқ имкониятлар ва муаммолар ҳамда уларнинг потенциал ечимларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида халқаро тамойиллар ва стандартларга мос яшил сукук тузилмасини ҳамда унинг ташқи кўриб чиқиш, таъсирни ўлчаш ва ҳисобот бериш жараёни каби асосий таркибий қисмларини ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: Ислом молиявий воситалари, жумладан, сукук тараққиётни молиялаштиришни жалб қилишнинг янги истиқболли воситасига айланди. Сукук воситалари нафақат мусулмон мамлакатларида, балки бутун дунёда тан олинмоқда. Fitch Rating маълумотларига кўра, 2021 йилда жаҳон миқёсида муомалага чиқарилган сукукнинг умумий ҳажми 252 миллиард долларга етган, бозордаги муомаладаги сукукнинг умумий ҳажми эса 711 миллиард доллардан ошган.

Яшил сукук – қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия тежайдиган ва ресурсларни тежовчи технологиялар, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш каби экологик барқарор лойиҳаларни молиялаштириш учун фойдаланиладиган янги турдаги сукук.