Янгиликлар

Хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг йиғилишларида масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби тасдиқланди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг Хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг йиғилишларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш тартиби тўғрисидаги низомни (рўйхат рақами 3613, 2025 йил 24 март) тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи (кейинги ўринларда – Низом) тасдиқланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-291-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Низом хўжалик жамиятларининг умумий (навбатдан ташқари) йиғилишларида, шунингдек, кузатув кенгаши йиғилишларида акциядорлар (иштирокчилар) ва коллегиал ижроия органининг масофадан туриб иштирок этиши ва овоз беришининг шаффоф ва самарали механизмларини яратишга қаратилган. Бу хўжалик жамиятлари фаолиятида янада мослашувчан ва самарали бошқарувни таъминлашга, корпоратив бошқарувга рақамли технологияларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Низом йиғилишларда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз беришнинг асосий шартларини белгилайди, жумладан:
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган, йиғилишларда иштирокчиларни аниқлаш, Интернет-платформалари орқали авторизация ва идентификациядан ўтказиш усулларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш имконияти;
- биржа котировкалари варақасига киритилган акциядорлик жамиятларининг акциялар эгаларининг йиғилишларда масофадан туриб иштирок этиши учун шарт-шароитларни яратиш;
- масофадан туриб иштирок этиш ва овоз бериш учун фойдаланиладиган махсус электрон платформаларга, жумладан, реал вақт режимида узлуксиз ишлаш, овоз бериш жараёнининг шаффофлиги, ахборот хавфсизлиги, рухсат этилмаган киришдан ҳимояланиш ва бошқа талаблар.
Низом талабларига жавоб берадиган учинчи шахслар платформаларидан фойдаланиш билан бир қаторда, жамиятлар йиғилишларда масофавий иштирок этиш ва овоз бериш учун ўз платформаларини ҳам ишлаб чиқиши ва фойдаланиши мумкин.
Йиғилишларда масофадан туриб иштирок этиш ва овоз беришни жорий этиш хўжалик жамиятларига:
- бошқарув жараёнларида очиқлик ва шаффофликка тарафдорлигини намойиш этиши;
- масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш самарадорлигини ошириш;
- йиғилиш иштирокчилари кўп бўлганда, айниқса чекка жойларда ёки чет элда бўлса, йиғилишлар ўтказиш харажатларини ва меҳнат зичлигини камайтириш имкониятини беради.