Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) техник кўмак миссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар пул-кредит ва молиявий статистика (Monetary and Financial Statistics, MFS) ҳамда молиявий барқарорлик кўрсаткичлари (Financial Soundness Indicators, FSI) бўйича маълумотларни шакллантириш ва тақдим этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
ХВЖ вакиллари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банк сектори регулятори, Агентлик эса капитал бозори ва суғурта бозори регулятори сифатида ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, молия бозори иштирокчилари томонидан турли давлат органларига тақдим этиладиган маълумотларни верификация қилиш мақсадида идоралараро ахборот алмашинувини самарали йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Бу эса молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигини ошириш, маълумотлар такрорланишининг олдини олиш ҳамда статистик маълумотларнинг ягона ёндашув асосида шакллантирилишини таъминлаш имконини беради.
Ўзбекистон томони Президентнинг 2024 йил 9 январдаги ПҚ-8-сон «Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ Ягона ҳисобот тизими жорий этилаётганини таъкидлади. Мазкур тизим давлат органларининг ахборот тизимлари интеграцияси асосида ҳисоботларни автоматик шакллантиришни ҳамда маълумотлар алмашинувини рақамлаштиришни назарда тутади. Шу билан бирга, 2028 йил 1 январдан бошлаб ҳисоботларни Ягона ҳисобот тизими орқали тақдим этиш мажбурий тартибда амалга оширилади.
Томонлар фикрига кўра, мазкур чора-тадбирлар статистик маълумотлар сифатини янада ошириш, кўрсаткичларни халқаро стандартларга мувофиқ шакллантириш жараёнларини такомиллаштириш учун мустаҳкам замин яратади.
Учрашув якунида томонлар молиявий статистикани шакллантириш ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар.

