Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги кўмагида PLUS Group томонидан ташкил этилган Марказий Осиёдаги финтех ва электрон тижорат бўйича энг йирик тадбир – Халқаро ПЛАС-Форум Digital Uzbekistan ўз ишини бошлади.
Digital Uzbekistan 2025 форуми 2,5 мингдан ортиқ иштирокчини – Марказий Осиё ва ЕОИИ бозорларидаги асосий иштирокчилар, шунингдек, Европа, Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкадаги ташкилотлар вакилларини жамлади.
Форумнинг стратегик мақсадларидан бири Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшимча туртки бериш, халқаро ҳамкорликни давом эттириш ва янги истиқболли йирик лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат.
“Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал геосиёсий ва иқтисодий ландшафтдаги тез ўзгаришлар даврида хусусий ва давлат секторларининг мунтазам учрашувлари мавжуд тенденциялар, муаммолар, ҳавфларни яхшироқ тушуниш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини белгилаш имконини беради.
Ўзбекистоннинг жаҳон молия тизимига тобора кўпроқ интеграциялашуви, албатта, бизнес ва ҳукумат вакилларидан билим ва салоҳиятни оширишни талаб қилаётгани қувонарлидир.
Бугун олдимизда банк тизими, капитал бозори, суғурта сектори ва бошқа соҳаларни трансформация қилиш ва замонавий талабларга мослаштириш вазифаси турибди", – деди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ўз нутқида.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва “PLUS Group” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Икки кун давом этадиган ПЛАС Форум панель сессияларида рақамлилаштириш, шунингдек, давлат органлари, молия сектори, чакана савдо, ИТ ва телекоммуникация соҳалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, дастурий таъминот ва ускуналарнинг етакчи етказиб берувчилари иштирокида кўргазма ташкил этилган.
Идоравий мансуб ташкилотлар